МАСКАТ, 11 май. /«Дунё» АА/. Ўмоннинг «Asdaa Oman» газетасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид «Маърифат ва диний бағрикенглик янгиланаётган Ўзбекистоннинг маънавий кучидир» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Материалда Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, диний бағрикенглик, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва бу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз ифодасини топган.

 Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг мамлакат раҳбариятининг демократик тамойилларга асосланган сиёсати, жамият тараққиётида дунёвий йўлни танлаши аста-секин барча диний ташкилотлар ва, хусусан, диний гуруҳлар ўртасида ҳамжиҳатликда яшаш учун ягона ҳуқуқий шароитларни яратиш имконини берди.

«Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳаларда ўзгаришлар изчил давом этаётгани ва ўсиб бораётганини кузатиш мумкин. Диний ва маънавий соҳада ҳам кенг кўламли ишлар тегишли давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилмоқда ва унинг асосий мақсади фуқароларнинг конституциявий кафолатланган виждон эркинлиги ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда плюрализм, бағрикенглик ва динлараро мулоқотни тарғиб қилишга қаратилган», - деб ёзади нашр.

 Мақолада 2018 йил декабр ойида БМТ Бош ассамблеяси томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида» қабул қилинган резолюция ўзаро ҳамкорликда олиб борилган ишларнинг салмоқли натижаси эканлиги эътироф этилган. «Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташкилот Бош ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббусининг амалий ижроси бўлди. Ушбу ҳужжатда «бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтиришга кўмаклашиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишининг олдини олишга даъват этилган», - деб ёзади «Asdaa Oman».

Нашрнинг қайд этишича, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда диний соҳадаги фаолиятни янада такомиллаштиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, 2017-2019 йилларда Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида», «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ва «Диний-маърифий соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бундан ташқари, жамиятда миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлаш мақсадида барча фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайдиган пухта қонунчилик замини яратилди. Ҳозирги пайтда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилмоқда.

«Ўзбекистонда буюк аждодларнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш мақсадида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий ва Имом Мотуридий маркази фаолиятларига асос солинган. Бундан кўзланган асосий мақсад Ислом цивилизацияси ва илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Aбу Мансур Мотуридий, Aбу Муин Насафий ва бошқа мутафаккирларнинг меросини муқаддас динни ҳимоя қилган ҳолда, илмий нуқтаи назардан тадқиқ этишни янада фаоллаштиришдир. Диний соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар натижасида Бухородаги Мир Aраб олий мадрасаси ва Самарқанддаги Ҳадисшунослик олий мактаби ўз фаолиятини бошлади», - деб ёзади Ўмон газетаси.

Газетанинг таъкидлашича, Ўзбекистонда диний ва маънавий меросни асраб-авайлашга, мавжуд жамғармаларни бойитиш, маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларнинг тарихий манбалар билан ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, тарихий ва маданий мерос намуналарини ҳар томонлама ўрганишга катта аҳамият берилади. 2017 йил май ойида Ўзбекистон Президентининг «Қадимги ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди. 

«Дин соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Диний адабиётларни чоп этиш, олиб кириш ва тарқатиш учун рухсат олиш тартиблари соддалаштирилди. Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби сезиларли даражада оптималлаштирилди. Яқинда Ўзбекистонда 67 та диний ташкилот рўйхатдан ўтказилди», - деб ёзади нашр.

«2019-2021 йилларда Ўзбекистон Президенти номидан бешта «Меҳр» гуманитар акцияси муваффақиятли амалга оширилди, улар доирасида Яқин Шарқ ва Aфғонистондаги қуролли тўқнашувлар зоналаридан аёллар ва болалар ўз ватанига қайтиб келди», - дея таъкидлайди «Asdaa Oman».

Мақолада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раад ал-Ҳусайн ва ЕХҲТнинг озчиликлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заниернинг Ўзбекистонга ташрифлари натижаларига ҳам эътибор қаратилган. Алоҳида қайд этилганидек, «2020 йил декабрида AҚШ давлат департаменти Ўзбекистонни «махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқаргани мамлакатнинг халқаро майдонда қўлга киритган улкан муваффақияти ҳисобланади».

«Умуман олганда, Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда, - дея таъкидланади мақолада. - Масалан, 2020 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТнинг 193 та аъзо давлатидан 169 та овоз олган ҳолда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига уч йиллик муддатга - 2021-2023 йилларга сайланди».

«Жамият томонидан динлараро мулоқот ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистоннинг дин соҳасида олиб бораётган сиёсати барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омили эканини таъкидлаш мумкин. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эса «Ҳамма нарса инсон учун, унинг келажаги учун» тамойили ассосида амалга оширилмоқда»,- деб ёзади «Asdaa Oman» газетаси.