Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Унга кўра, ҳафтанинг ҳар шанба куни Қўмита ходимлари иштирокида енгил гимнастика машқлари, югуриш, мини-футбол, стол тенниси, волейбол каби спорт турлари бўйича машғулот ва ўйинлар ташкил қилиниб келинмоқда.

Бугун, 9 январь куни ҳам режага мувофиқ Қўмита раҳбарияти ва ходимлари мини-футбол, стол тенниси ва спортнинг бошқа турлари бўйича машғулот ўтказдилар.

Шубҳасиз, ҳар бир ташкилот раҳбар ва ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган тадбирларни амалга оширишда фаол бўлишлари бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бу каби жамоавий спорт машғулотлари ташкилотда меҳнат унумдорлигини ошириб, ходимларнинг ўзаро аҳиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, спорт билан шуғулланиш – жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йўналишдаги фаолият доирасида Қўмита раҳбар ва ходимларининг аллома ва мутафаккирлар меросида спортга муносабат, тўғри овқатланиш одоблари, тозалик ва озодаликнинг фойдалари, инсон саломатлигига путур етказувчи зарарли одатлар, тан ва қалб поклиги каби мавзуларда газета ва журналлар, интернет нашрлари, теле- ва радиоканалларда чиқишлари ташкил қилиб келинмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати