Ислом динида Ақида илми мўътабар ҳисобланади. Зеро, унда инсон тақдиридаги битиклар ҳақидаги билимлар мужассам. Мазкур илмга кўра, Аллоҳ инсонни ер юзига ўзининг халифаси (ўринбосари) қилиб юборган. Ва қайси замон, жамиятда яшашидан қатъи назар, ўз Ватани(туғилиб ўсган ери)ни гуллаб-яшнатиши, халқи, миллати, оиласи фаровонлиги учун ҳаракат қилмоғи лозимлиги билдирилган.

«Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман»

       Аллоҳ Қуръони каримнинг «Бақара» сурасида шундай таъкидлаган: «Эсланг, (эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман»… Мазкур оят давомида фаришталар Аллоҳга эътироз билдирадилар ва инсонни ер юзида бузғунчиликлар қилишига ишора қилиб шундай дейдилар: ­«...Улар айтдилар: «У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан».

               Аллоҳ фаришталар эътирозига қатъий рад жавобини бериб, барибир инсонни улуғлаб уни яратишлигига ишора қилди ва Ўзининг муборак исмларини инсон ақлига сингдириб, фаришталарни ожиз қолдирди: «Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: «Агар халифаликка биз ҳақдормиз, деган сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринг!».

             Табиийки, фаришталар Аллоҳнинг ушбу топшириғини бажаришда ожиз қолдилар ва дедилар: «Улар айтдилар: «Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан». Шунда Аллоҳ сон-саноқсиз йиллардан бери Унинг итоатида бўлиб келган фаришталар олдида инсонга хитоб қилиб уларни ожиз қолдирди: «(Аллоҳ): «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир», деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: «Сизларга, Мен еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?»

          Шундан сўнг Аллоҳ жамики фаришталарни, эътибор беринг, жамики нурдан яралган пок фаришталарни асли лойдан яралган Одамга сажда қилишликка буюрди. Фаришталарнинг ҳаммаси сажда қилди, илло Азозил дегани кибрга берилиб, Аллоҳнинг амрига итоат қилмади ва қиёматга қадар инсонга душман бўлиб иблис, шайтон деган номни олди: «Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди».

Аллоҳ инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратди

        Азиз ўқувчи! Биз мазкур мақоламизни бежизга Қуръондаги ушбу ҳикоят билан бошламадик. Чунки айнан одам дунёга келган пайтда унга Аллоҳга итоат қилиб, хайрли ишларни амалга ошириш ёки шайтонга эргашиб дунёда бузғунчилик қилиш йўлларидан бирини танлаш имкони берилди.

        Шундай экан, инсон қайси даврда яшамасин, Аллоҳга шукр қилиб, доим ўз Ватанини обод этиш учун саъй-ҳаракатда бўлмоғи лозим. Чунки Аллоҳ барча яратган махлуқотлари орасида инсонни мукаррам ва азиз қилиб яратиб қўйган: «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру баҳрда – қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик».

         Демак, инсонни Аллоҳ ўз махлуқотлари орасида мукаррам ва азиз қилиб яратган экан, энди бунинг Аллоҳга инсон томонидан шукронаси қандай бўлади, деган савол туғилади. Айнан мана шу саволга тўғри жавоб беришда тарихдан то бугунги кунгача ўзини ҳазрати инсон, қолаверса, мусулмон ҳисоблаган одам фарзандлари ўртасида турли мунозаралар бўлиб келади. Энг ёмони, бу жараёнда турли низолар ҳам келиб чиқиб, баъзида қонли тўқнашувларга ҳам сабаб бўлган.

        Инсон доим қайси даврда, қайси макон(ватан)да яшамасин, Аллоҳга шукр қилиб яшамоғи ва Аллоҳ олдидаги инсонийлик бурчини адо этмоғи лозим бўлади. Чунки Қуръонда Аллоҳ инсонлар Унга шукр қилсалар, бераётган неъматларини янада зиёда қилиб беришини таъкидлаган: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман («Иброҳим» сураси, 7-оят).

          Афсуски, бугунги кунда айрим мутаассиб кайфиятдаги инсонлар ислом ақидасини нотўғри талқин қилиб, ўз раъйлари билан иш тутишга ҳаракат қилмоқда. Натижада бутун бир миллат, давлат, қолаверса, бутун дунё эътироф этган олимларнинг насиҳатларига ҳам риоя қилмай, ўзларининг бузуқ эътиқодларини тарғиб қилишга уринишмоқда.

     Шу ўринда бобомиз, буюк мутафаккир ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги икки байти ёдимизга тушади:

Айлама ўз раъйингга кўп эътиқод,

Муътамад эл раъйидин иста кушод.

Кишиким қилса олимларга таъзим,

Андоқки қилур пайғамбарга таъзим.

          Минг афсуски, бугунги кунда тараққиёт ва йиллар давомида инсон тафаккури ва меҳнати билан шаклланиб келаётган маданият ва қадриятларни ўзининг тор эътиқоди ва жаҳолати билан «ҳазм» қила олмаётган кимсалар гўёки тарихдаги, яъни пайғамбар ва саҳобалар давридаги муҳитни истаб, турли бузғунчи эътиқодий қарашларни илгари сурмоқда. Уларни шартли уч тоифага бўлиш мумкин.

         Биринчиси — замонавий давлат бошқарувини куфрда айблаб, Пайғамбар даврини қўмсовчи ва ҳижратни тарғиб қилувчи тоифа.

     Иккинчиси — халифаликни тиклашга уринаётган «Ҳизбут-таҳрир» партияси. Бу тоифа биринчи тоифанинг мантиқий ҳамфикрлари ҳисобланади.

        Учинчиси — ҳар қандай замонавий тараққиёт (санъат, кийиниш маданияти, миллий урф-одатлар)ни инкор этувчи ва жамиятнинг юз, икки юз йил қаъридаги даврга қайтишини истовчи тоифалар.

    «Вафосиздир замон аҳли, замонда не вафо бўлғай...»

     Келинг, аввало, учинчи тоифа вакилларининг қарашларига тўхталиб ўтайлик. Таъкидлаш жоизки, уларнинг иддаолари ғирт ақлсизликдан иборатдир. Чунки давр ўтиши билан табиийки, замон ҳам, маданият ҳам ўзгариб туради. Агарда бу дунё бирхилликка маҳкум этилганида, инсоният ҳанузгача Одам ато давридаги маданият билан ҳамоҳанг яшаб келаётган бўларди.

        Аҳамият берадиган бўлсак, ҳозирда юртимизда ўтмишдаги ота-боболаримизнинг кийган кийимлари, анъаналарини тарғиб қилишга ва ҳар қандай замонавий маданиятнинг кўринишини бидъат ҳисобловчи тоифалар учраб турибди. Мақоламизнинг аввалида бежиз инсоннинг яратилиш тарихи, унинг Аллоҳ олдида қандай даражада экани ҳақида маълумот берилмади. Чунки инсонга Аллоҳ бошқа махлуқотларидан фарқли равишда «Ақл» деган неъматни ато этган. Бугунги кундаги ҳар қандай маданият, тараққиёт маҳсули айнан инсоннинг ақл-тафаккури маҳсули ҳисобланади.

        Лекин ушбу тафаккур маҳсулидан унумли, оқилона истифода этиш учун ҳам инсонга озгина бўлса-да фаросат керак бўлади. Чунки бугунги кунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида қошиқ бўлмаган, деб шўрвани ҳам қошиқсиз ичаётган ва қошиқни бидъат санаётган фаросатсизлар кўпайиб кетди. Бундайларга шундай савол бергинг келади: қўлингдаги қошиқ Пайғамбар даврида бўлмаган бўлса, ичаётган таоминг ҳам ўша даврда бўлмаган-ку! Нега уни ичаяпсан?!

         Кийиниш масаласида ҳам шундай. Бугун айрим кимсалар соқол қўйиш масаласида Алишер Навоий ва Амир Темурни ҳам мисол келтириб, соқол қўйганини далил келтиришади. Лекин ўзлари ҳазрат Навоийдан битта байт ҳам айтиб беролмайди, «Темур тузуклари» китобини ўқиш ҳатто тушига ҳам кирмаган. Лекин соқол қўйиш, узун иштон ва ридо кийиб юришни ўзини диндор, имонли кўрсатишда энг асосий тамойил ҳисоблайди. Илм олиш, тафаккур қилиш, жамият тараққиётига моддий ёки маънавий ҳиссасини қўшишни эса хаёлига ҳам келтирмайди. Лекин Қуръонда кийиниш ҳақида оятлар билан илм, тафаккур, ақл юритишга тарғиб қилувчи оятлар солиштирилса, қайси бири кўп экани ҳаммага аён-ку.

          Шу ўринда улуғ аждодимиз, мотуридия таълимотининг пешқадам вакили — Абул Муин Насафийга мурожаат қиламиз. Насафий ҳазратлари «Баҳр ал-калом»да қайд этишларича, кийимнинг асл зарурати ва моҳияти шундаки, у инсоннинг авратларини тўсиб туриши (яъни ҳайвондан ажратиб туриши) лозим. Насафий бу ерда кийимнинг ҳар қандай турини назарда тутганлар. Соқол қўйиш ҳам энг зарурий масала бўлганида аждод уламоларимиз ўз асарларида унга алоҳида банд ажратиб кетган бўлмасмиди?!

        Қиссадан ҳисса шуки, Аллоҳ мукаррам қилиб қўйган ҳазрати инсон эканмиз, ақлимизни қалбимиз билан ҳамоҳангликда ишга солиб, тафаккур қилсак, ҳар бир даврда ўз замонамизнинг етук вакилига айланамиз. Шунинг учун ҳам Имом Абу Мансур Мотуридий бобомиз «Китоб ат-тавҳид» асарида шундай хитоб қилган бўлсалар ажаб эмас: «Ақл юритишни истамаган халқнинг охир-оқибат ақл юритишидан бошқа имкони йўқдир».

       Замонга келсак, замон ўз ўрнида турибди. Худди ўн аср илгари қуёш ва ой, осмондаги юлдузлар қандай ҳаракатда бўлса, бугун ҳам шундай ҳаракатда. Фақат биз, инсонлар Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилиб яшамоқдамиз, холос. Ҳа, айнан биз ўз замонамизга, халқимизга, миллатимизга, тинчлигимизга, фаровонлигимизга ношукр бўлиб яшамоқдамиз. Бу иллатни улуғ бобомиз, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари беш аср муқаддам қуйидагича таърифлаб кетган эдилар:

Вафосиздир замон аҳли,

замонда не вафо бўлғай,

Вафо аҳли булардин гар

вафо истар, эрур нодон.

        Шундай экан, бугунги кунда ўз замонасига бевафолик қилаётган жоҳиллардан вафо, офият, яхшилик исташлик Навоийга кўра, нодонликдан бошқа нарса эмасдир. Аллоҳ ҳаммамизни Ўзи азизу мукаррам қилсин, ҳидоят йўлидан адаштирмасин!

Саидмухтор ОҚИЛОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Исломшунослик ва ислом цивилизациясини

ўрганиш ISESCO кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди.