Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов хизмат сафари билан Фарғона вилоятида бўлиб турибдилар.

Янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган барча ишлар халқимизни рози қилишга қаратилганини Муҳтарам Президентимиз ҳар доим таъкидлаб келмоқдалар: “Бизнинг бош мақсадимиз - халқимизнинг розилиги. Бу Президент сифатида менинг, барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар, депутат ва сенаторлар, бутун давлат идораларининг фаолиятига берилган энг олий ва энг адолатли баҳодир. Агар халқимиз биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади”.

Шу мақсадда бугун соҳа раҳбарлари янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, хусусан, ёшларга етказиш, шунингдек, Афв этилган, Меҳр операциялари доирасида юртимизга олиб келинган фуқаролар ҳамда диний-соҳа вакиллари билан мулоқотлар қилдилар. Соҳа раҳбарлари Қирғизистон билан чегарада жойлашган қишлоққа бориб, у ерда яшаётган аҳоли билан учрашиб, самимий суҳбат ўтказдилар. 

Сафар давомида Президентимизнинг ташаббуслари билан қуролли тўқнашувлар бўлаётган ҳудудлардан “Меҳр” инсонпарвалик операцияси доирасида она-Ватанга қайтарилган Фарғона вилояти, Риштон туманида истиқомат қилаётган хонадонларда ҳам бўлдилар. Мазкур оила вакиллари уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва катта ғамхўрликлардан чексиз мамнун бўлганларини изҳор этдилар.

Сафар давом этмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита 

Ахборот хизмати