Хабарингиз бор, айни кунларда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов хизмат сафари билан Фарғона вилоятида бўлиб турибдилар. 

Меҳмонлар дастлаб Қўқон шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳамда имом-ноиблари билан учрашиб, улар билан самимий мулоқот ўтказдилар.

Мулоқот давомида соҳада бўлаётган ўзгаришлар, диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Шунингдек, Президентимизнинг олий мажлисга йўллаган мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, хусусан, жорий йилга: ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, йили деб ном берилгани замирида ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ғояси мужассам экани, уларнинг таълим олишлари, миллий қадриятларимиз асосида, аждодларимизга муносиб ворис бўлиб етишишлари ҳақида сўз борди.

Суҳбат давомида бугунги кун имом-хатиблари ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлиши, ахборот хуружлари авж олган бир пайтда илм-маърифат билан жаҳолатга қарши курашишлари лозим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, учрашувда имом-домлалар фаолияти таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди ва ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.

Шу куни соҳа раҳбарлари вилоятнинг Бешариқ туманидаги чегара ҳудудларига бориб, «Меҳр» операцияси доирасида юртимизга олиб келинган фуқаролар билан учрашиб, улар билан самимий мулоқот қилдилар. Шунингдек, соҳа раҳбарлари чегара ҳудудидаги масжидларга ҳам кириб, уларнинг ҳолати ва шарт-шароитини ҳам ўрганмоқдалар.

Сафар давом этмоқда.


Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати