Жорий йил 29 январь куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 298-умумтаълим мактабида бўлиб, ўқувчилар билан дилдан суҳбат қурди, мулоқот давомида А.Ахмедов ўзининг билим ва кўникмалари, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Қўмита раиси суҳбат давомида Президентимизнинг ёшлар масалаларига бағишланган видеоселекторида ҳам ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш борасида билдирган фикр-мулоҳазаларининг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириб берди.

Шунингдек, мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтди.

Мактабнинг педагоглар жамоаси билан суҳбатда эса, мактаб-оила-маҳалла учлиги фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Ўз навбатида, мактаб муаммосига биринчи даражали масала деб қараш лозимлиги, мактаб – фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешиги, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарурлиги таъкидланди.

Қўмита раиси ўқувчи ёшларга китоблар жамланмасини туҳфа қилди.


Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати