Куни кеча, Қозоғистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ва умра ишлари бўлими бошлиғи Жандулла Бекжигитов ва “Tawaf Travel” ширкати директори Бектемир Исаков Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Ҳамидбек Ҳасанов кутиб олди.

Йиғилишда Ҳомиджон Ишматбеков меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон ва Қозоғистон Диний идоралари яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани, ҳозирда икки давлат муфтийлари ўзаро ва хорижий анжуманларда тез-тез учрашиб туришини таъкидлади. Шунингдек, мулоқот давомида юртимизда зиёрат туризм бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Зиёрат туризми бўлимлари фаолият юритаётгани, шунингдек идора тизимида “Muslim tour”, “Mir Arab Travel” сайёҳлик фирмалари ташкил этилгани қайд этилди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси биринчи котиби Ойдин Маннопова қабул учун ташаккур билдириб, Ўзбекистондаги зиёрат туризм салоҳияти ва имкониятларини Қозоғистонга намойиш этиш мақсадида инфо тур ташкил этилгани ҳақида маълумотлар берди.

Жандулла Бекжигитов икки давлат диний идораси ўртасидаги узоқ йиллик мустаҳкам алоқалар, Қозоғистонда зиёрат туризми бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, қозоғистонлик зиёратчиларни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига ташрифини ташкил этиш бўйича ташкилий масалаларни муҳокама қилди.

Қўмита бўлим бошлиғи Ҳамидбек Ҳасанов ҳам Ўзбекистонда Зиёрат туризми бўйича қилинаётган ишлар, шароит ва имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, келгусида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкам йўлга қўйиш, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитларни яратилиши таъкидлаб ўтилди.  

Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган учрашув самимий руҳда ўтди. Ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича аниқ чоралар келишиб олинди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати