Бугун, 25 ноябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, имом-хатиблар ва аҳоли вакиллари билан учрашиш мақсадида Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.

Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бу заминда қўним топган бир қатор алломаларнинг қадамжолари, мақбаралари обод қилиниб, зиёратгоҳга айлантирилди.

Соҳа раҳбарлари дастлаб улуғ бобокалонимиз Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилдилар. Улуғ алломалар руҳини шод этиш мақсадида, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, юрт ободлиги ва халқимиз фаровонлигини тилаб дуолар қилинди.

Маълумки, буюк мутафаккир зиёратгоҳи вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бири ҳисобланади. Бу даргоҳга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг тавсиялари асосида ушбу қадамжода кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, нақшинкор Қуръони карим оятлари билан безатилган. Натижада, улуғ аждодимиз мангу қўним топган табаррук гўша нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати