“Ёшлар парламенти” – ёшларимизнинг сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қиладиган ҳақиқий майдондир

Парламент қуйи палатасида “Ёшлар парламенти” аъзоларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ҳамда сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан учрашуви ўтказилди.

Унда Спикер янги ташкил этилган "Ёшлар парламенти” хусусида фикрларини билдирди:

– "Ёшлар парламенти" шакллантирилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга оид сиёсат масалаларига кўрсатилаётган эътиборнинг натижаси бўлиб, давлат бошқаруви тизимида қарорлар қабул қилишнинг барча жараёнларига ёшларни жалб этишдан Ўзбекистон манфаатдор эканлигининг ёрқин далилидир. “Ёшлар парламенти” ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бойитиш, қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш, қабул қилинган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда Олий Мажлисга ва давлат ҳокимиятининг бошқа органларига самарали ёрдам беради, деб ишонамиз.

Бугунги кунда ёшлар келажаги учун амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот уларнинг жамиятимиздаги ўзгаришларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини, масъулиятини оширишга кўмаклашмоқда. Шу жиҳатдан, “Ёшлар парламенти” – шунчаки оддий тузилма эмас, балки ёшларимизнинг сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қиладиган ҳақиқий майдондир.