Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда уларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишга бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида қонунчилик палатаси ҳузурида “Ёшлар парламенти”ни ташкил этиш бўйича битим имзоланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламентининг биринчи мажлиси видеоконференция тарзида ўтказилди.

Ташкилий йиғилишда таъкидлаб ўтилганидек, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш ҳамда ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришда вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш Ёшлар парламентининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Шунингдек, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш юзасидан янги ва устувор йўналишларни белгилашдаги фаоллигини ошириш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграциясига қарши курашишга қаратилган тадбирларни амалга оширишга кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилган.

Йиғилишда Республика “Ёшлар парламенти” комиссиясининг “Ёшлар парламенти”га сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти, “Ёшлар парламенти” Раиси ва Раис ўринбосарларини сайлаш, “Ёшлар парламенти”нинг қўмиталарини тузиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Мажлисда Жамшид Бобоев “Ёшлар парламенти” раиси, Шаҳноза Жолдасова ва Диёр Чинпўлатовлар эса раис ўринбосарлари этиб сайланди.

Шундан сўнг мажлис кун тартибига кўра, “Ёшлар парламенти”нинг қўмиталари тузилди ва уларнинг раислари сайланди. Шундай қилиб, Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари, Маданият ва санъат масалалари, Жисмоний тарбия ва спорт масалалари, ОАВ ва инноватсия масалалари, Маънавият-маърифат ва китобхонликни ривожлантириш масалалари, Фан-таълим масалалари, Волонтёрликни ривожлантириш масалалари, Соғлиқни сақлаш, экология ва ижтимоий масалалар, Ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари ҳамда Туризм ва халқаро масалалар қўмиталари ўз фаолиятини олиб борадиган бўлди.

Шунингдек, “Ёшлар парламенти” аъзоларига 2020 йил 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилиши, ушбу Форумда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши айтиб ўтилди. Форум доирасида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасини муҳокама қилиш режалаштирилганлиги боис, ушбу Форумда иштирок этиш учун “Ёшлар парламенти” аъзолари таклиф қилинди.

Жаҳон парламентларида 30 ёшгача бўлган депутатлар 2 фоиздан сал кўпроқни ташкил қилади. Дунё миқёсида 30 ёшгача бўлган депутатлар 2016 йилда 1,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб бор йўғи 2,2 фоизга етган. Парламент юқори палаталарининг 76 фоизида 30 ёшгача бўлган депутат ёки сенат аъзолари умуман мавжуд эмас. 2016 йилдан бугунги кунга қадар ёш эркак парламент вакиллари сони ёш аёл парламент вакилларига нисбатан кескин ўсган. Бизда бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил этади.

Мажлисда янги ташкил этилган “Ёшлар парламенти”нинг мақсади, ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, Олий Мажлис палаталари қўмиталари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш, уларнинг қонунчилик ҳамда парламент назоратини амалга ошириш жараёнларида иштирок этишга алоҳида эътибор қаратишлари лозимлиги таъкидланди.

Таъсис йиғилишда “Ёшлар парламенти” ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ўз ичига олиши зарурлиги белгиланди.

Тадбирда билдирилган таклиф ва тавсиялар, мулоҳазалар ҳамда сайлов жараёнида келиб тушган таклифлар асосида “Ёшлар парламентини”нинг иш режасини ишлаб чиқиш белгилаб олинди.