Юртимиздаги миллатлараро ва конфессиялараро дўстлик ва тотувлик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришнинг энг муҳим омилидир. Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, юртимизда фаолият олиб бораётган барча конфессия вакилларига бир хилда эътибор қаратилиб келинади. Диний конфессияларга тааллуқли бўлган янги диний ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши эса мазкур конфессияларга мансуб фуқароларнинг диний эҳтиёжларини ўрганиш асосида амалга оширилиб келинмоқда.

Жорий йил 7 август куни Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳар, Гагарин кўчаси 4-уй жойлашган «Еттинчи кун христиан адвентистлар черкови» черкови 320-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, уларга ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятларнинг таъминланиши белгилаб берилган ҳамда амалга оширилиб келинмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати