“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг «Божхона маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш» деб номланган 121-бандида мамлакатимизда божхона тизимини халқаро стандартлар ва тамойиллар асосида ислоҳ қилиш, хусусан, «ягона дарча» божхона ахборот тизимидан самарали фойдаланиш, фаолиятини янада кенгайтириш ва тақдим этилувчи рухсатномалар рўйхатини кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланган эди.

Давлат раҳбари мазкур банд ижроси доирасида “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Жорий йилнинг 5 июнь куни қабул қилинган мазкур ҳужжат билан, 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси тасдиқланди. Унда божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг қуйидаги йўналишлари қамраб олинган:

  • божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;
  • мавжуд куч ва воситаларни оптимал қўллаган ҳолда божхона органлари фаолияти ва инфратузилма объектларининг институционал асосларини ривожлантириш;
  • рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш;
  • божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятни (кейинги ўринларда –ТИФ) тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш;
  • контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш;
  • божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва маҳоратини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
  • халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш;

Шунингдек, 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланиб, унда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш манбалари белгиланди.

Фармонга кўра, 2020 йил 1 августдан бошлаб темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этиб борадилар.

“Ягона дарча” божхона ахборот тизими барча чегара божхона постларида 2020 йил 1 сентябрдан жорий этилади.

2020 йил 1 ноябрдан эса:

  • божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади;
  • божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатлари қисқартирилади, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
  • Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилади;
  • транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилади;
  • “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорнинг ўзи томонидан ишлаб чиқилади.

Давлат божхона қўмитасига қўшимча қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ва уларнинг ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш;
  • Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг ТИФни нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • товарлар импорти ва экспорти тузилмаси ҳамда динамикасининг чуқур ҳолатий таҳлилини, шунингдек, импорт ҳажмининг ҳам жисмоний, ҳам қийматий ўсиши сабабларини таҳлил қилиш.

Божхона органларига берилаётган ҳуқуқлар:

  • товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда, божхона аудитини амалга ошириш;
  • олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари ҳисоби, жумладан, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари, шунингдек, дастлабки ҳужжатлар юритилиши устидан текширувни амалга ошириш.

Мазкур Фармон билан,

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси – Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилмоқда.

Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси – Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси этиб қайта ташкил этилмоқда.

Умуман, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ва тавсиялари асосида Ўзбекистонда божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, шу билан бирга, “қоғозсиз ва электрон божхона” тизимини ривожлантириш, мазкур тизимнинг мантиқий давоми бўлган “рақамли божхона”ни шакллантириш, шунингдек, контрабанда, контрафакт маҳсулотларни олиб ўтиш, коррупция, ноқонуний валюта операциялари ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга қарши курашишнинг замонавий ва синовдан ўтказилган усулларини жорий этиш ҳамда божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати