Бугун, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов куни кеча Сирдарё вилоятида юзага келган фавқулодда ҳолат оқибатида азият чеккан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, инсонпарварлик юклари ортилган иккита юк мошинаси билан ушбу вилоятга етиб бордилар.

Дастлаб,  Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида уламоларимиз томонларидан мазкур нохуш ҳодисанинг салбий оқибатларини Аллоҳ таборака ва таолодан бартараф этишини сўраб, Қуръони карим оятларидан тиловат ўқилиб, муборак Рамазон кунларида дуою илтижолар қилинди.

Соҳа раҳбарларининг кейинги манзили Гулистон шаҳридаги юридик коллежи бўлди. У ерда вақтинча жойлаштирилган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, бундай синовли кунларда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмаслигини билдирдилар.

Мана шундай машаққатли шароитда энг асосийси саросимага тушмасдан, елкама-елка туриб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошга келган ташвишни сабр-матонат билан енгиш ўта муҳим экани таъкидланди.

Муфтий Усмонхон Алимов муборак Ислом динимизда мана шундай машаққатли кунларда сабр қилишга улуғ ажрлар ваъда қилингани, бундай синовларни тезроқ ўтиб кетишига умид боғлашга чақирилганини сўзлаб, Ҳақ таборака ва таолодан ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан паноҳ сўраб, Яратган Парвардигорга дуо қилдилар.

Шунингдек, бир бош қорамол сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди. Хусусан, 20 қоп ун, 9 қоп шакар, 5 литрлик 150 дона ўсимлик ёғи, бир неча қути чой каби биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа маҳсулотлар аҳоли вакилларига етказилди.

Сафар давом этмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати