Бугунги кунда ҳар томонлама ривожланаётган жамият тараққиётини ахборот технологияларисиз тасаввур этиш қийин. Ахборот технологиялари кун сайин жадал суръатларда ривожланиб бораётганлиги сабабли ҳам улардан ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фойдаланиш давримизнинг долзарб масаласи бўлиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24 январь кунидаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт эканлиги, бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беришини алоҳида таъкидлади.

Узлуксиз таълим тизимининг барча бўғинларида таълимнинг замонавий педагогик методлари ва ахборот технологиялари воситаларидан тобора кенгроқ фойдаланилиб, таълимий жараёнларнинг таркибий қисмига айланди ва бу омил эндиликда таълим сифати ва самарадорлигини оширишнинг энг муҳим шартларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда давлатимизнинг бир неча соҳалари қатори таълим тизимини ҳам тўлиқ рақамлаштириш лозимлиги белгилаб берилди.

Ҳадис илми мактабида ҳам ўқув жараёнларини электрон ахборот технологиялари орқали ташкил этиш, бошқариш ва мониторингини юритиш, ўқитувчи ва талабаларнинг маълумотлар базасини шакллантириб бориш, аудитория ва дарсдан ташқари машғулотлар ҳамда фанлардан назорат синови жадваллари тўғрисида маълумотлар олиш, талабаларнинг ўзлаштириш ва давомат кўрсаткичларини аниқлаш, шунингдек, интерактив хизматларни тақдим этиш мақсадида электрон деканат (e-dekanat) тизими жорий этилди, дея хабар бермоқда Ҳадис илми мактаби.

Ушбу қулайлик натижасида мактаб ўқитувчилари ортиқча ҳужжатлар билан ишлаш ҳажми камайиб, илмий салоҳиятини янада бойитиш мақсадида ўз устида кўпроқ ишлаши имконияти яратилмоқда. Шунингдек, талабалар фан ва машғулотлар бўйича электрон маълумотлардан ҳеч қандай қийинчиликсиз мустақил хабардор бўлиб боришмоқда.

Ҳозирда мазкур дастурий тизим янада такомиллаштирилиб,  ўқув жараёнида қуйидаги вазифаларни автоматик равишда бошқариш ва маълумотларни тақдим этиш имкониятларига эга электрон портал (e-ta`lim) тизимини жорий қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда:

-    Мактаб структуравий тузилмаси ва лавозимлар бўйича функционал вазифалар тўғрисида маълумот олиш;

-    Мутахассислик бўйича электрон ўқув режани шакллантириш;

-    Фанлар кесимида талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш мақсадида онлайн тест синовларини амалга ошириш;

-    Мактаб раҳбарияти, ўқитувчи ва талабалар ўртасида ўқув жараёнларига оид электрон ёзишмаларни амалга ошириш, маълумот юбориш ва маълумотни кўчириб олиш;

-    Ўқув жараёнларини ташкил этилиши, таълим олиш сифати ҳамда ўқиш учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида онлайн сўровнома ўтказиш;

-    Ўқув жараёнларига бевосита боғлиқ бўлган кафедра ва ўқитувчиларнинг ўқув йили давомида амалга оширадиган ишлар режасини тузиш;

-    Ўқитувчи ва талабалар шахсий портфолиосини яратиш;

-    Маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан масофадан туриб онлайн видеоконференция ўтказиш;

-    Дастурдан фойдаланувчи фанлар бўйича электрон ахборот ресурслари (видео, аудио дарслар ва электрон китоблар)дан фойдаланиш имкониятларига эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Ҳадис илми мактаби талабаларининг билими ва малака даражаларини ошириш, бу даргоҳ келажакда энг юқори натижаларга эришиши, том маънода ҳадисшунослик бўйича дунёнинг нуфузли илм маскани мақомига кўтарилиши учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати