Сўнги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан умра зиёратини адо этмоқчи бўлган юртдошларимиз учун кенг имконият ва қулайликлар яратилмоқда. Хизматлар сифати йилдан-йилга яхшиланмоқда. Жумладан, навбатлар борасида қўйилган чеклов(квота) бекор қилиниб, ҳар куни 2 та авиақатнов орқали қарийб 500га яқин юртдошимиз Умра сафарига жўнаб кетмоқда. Яқин келажакда учинчи рейсни йўлга қўйиш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Куни кеча Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари ташаббуси билан Макка шаҳридаги “Al Kiswah Towers” меҳмонхонасида ўзбекистонлик зиёратчилар учун яна бир қулайлик амалга оширилди. Яъни, меҳмонхона ошхонасида 100-150 кишига мўлжалланган янги қаҳвахона ташкил этилди. Мазкур қаҳвахонага ташриф буюрган зиёратчиларимиз учун хушбўй таъмга эга араб қаҳваси, ўзгача мазали турк қаҳваси ҳамда Аргентина ва Бразилиянинг ажойиб қаҳва доначалари янчилиб, тайёрлаб берилади. Шунингдек, қаҳвахонада зиёратчиларимизнинг хоҳишларига кўра, турли салқин ичимликлар, сархил мевалар, ширинликлар ҳам тортиқ этилади.

Энг муҳими, қаҳвахона зиёратчиларимизга бепул хизмат кўрсатади.

Зиёратчиларимиз уларга бўлган эътибор ва эҳтиромдан жуда мамнун бўлиб, ўзларининг миннатдорликларини билдиришмоқда. Асосийси, бу каби қулайликларнинг барчаси давлат Раҳбаримизнинг халқимизни рози қилиш керак деган эзгу ташаббуслари асосида амалга оширилмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати