21 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, “Конрад Аденауэр” жамғармасининг (Германия) Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигида “Цивилизациялар мулоқоти: глобализация даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.

Анжуманда юртимиздаги қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар мутасаддилари ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Илмий-амалий семинарни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда цивилизациялараро муносабатлардаги муаммоларни баҳолаш ва танқидий таҳлил қилиш, асосий, жорий, қисқа ва узоқ муддатли мақсадларни аниқлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш имкониятларини ўрганишдан иборат.

Йиғилишда халқлар ва давлатлар ўртасида интеграция жараёнлари жадаллашиб бораётган бугунги шароитда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги барча мамлакатлар учун долзарб масала экани ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати