Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчилари ҳамда талабалари пойтахтимиздаги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

“Ватанпарварлик” ва “Ахборот хавфсизлиги” ойликлари доирасида амалга оширилган саёҳат давомида талабалар “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Б.Ҳасанов, Илмий ишлар бўйича директор ўринбосари М.Зикриллаев томонидан самимий кутиб олиниб, халқимиз озодлиги учун ўз бетакрор истеъдоди, билим ва тажрибаси билан чинакам маънавий жасорат кўрсатган аждодларимиз ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништирилди.

XX асрнинг 30 – 50-йилларида собиқ Иттифоқнинг тоталитар тузими асосида, бошқа республикаларда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам минглаб бегуноҳ кишиларнинг – давлат ва сиёсат, фан ва маданият арбоблари, умуман, халқ хўжалигининг барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган ўн минглаб халқсевар ватандошларимизни қатағон қилди. Бу билан юз минглаб фарзандлар ота-она меҳридан айро ўсгани, минглаб ота-оналар эса қалбларида фарзанд доғи билан яшашга мажбур қилингани тарихий мисоллар орқали келтириб ўтилди.

– Мустақилликка эришгунга қадар қанчадан-қанча маърифатпарвар зиёлиларимиз турли қийинчиликларни кўришган, – дейди “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Б.Ҳасанов. – Ватан озодлиги, миллат келажаги учун кураш олиб боришган. Уларни бошидан ўтган оғир синовларни, тарих ҳақиқатларини бугун ёшларимиз билиш керак. Тарих бу – ўтмишдан қолган чўпчак, ҳикоя эмас. Унинг замирида биз англамаган ва билишимиз муҳим бўлган ҳилқатлар мужассам.
Мустақиллик, ҳурлик, озодлик бу – ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Бугун ёшларимиз бу даргоҳга келиб, аждодларимизнинг доруломон кунларга қўшган беқиёс жасоратини ич-ичидан ҳис этиши керак. Биз Ўзбекистон халқаро илсом академияси профессор-ўқитувчилари билан кўплаб илмий тадқиқот ишларини айнан музейда олиб боряпмиз. Сабаби амалий ишларимиз натижасида янгидан-янги топилмалар, тарих ҳақиқатлари юзага чиқмоқда. Халқимиз бу янгиликларни билиши лозим.

Албатта, мустақиллик халқимизга ўзининг ватанпарвар, халқпарвар, тараққийпарвар фарзандларини ёд этиш, эъзозлаш ва улар хотирасини абадийлаштириш имкониятини берди.

Юртимиз истиқлолини ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билан фидойи зотларнинг орзу-умидлари 1991 йилнинг 31 августига келиб амалга ошди. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ истиқлол йўлида жонини фидо қилган аждодларимизнинг номларини тиклаш ва абадийлаштириш, уларнинг руҳини шод этишга устувор аҳамият бериб келинмоқда.

1991 йил 25 сентябрда замонавий ўзбек адабиётини ривожлантиришга қўшган катта хизматлари учун Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон каби улуғ ўзбек ёзувчилари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Мамлакатимизда биринчи бўлиб 1994 йилда улуғ адиб Абдулла Қодирий ватанимизнинг юксак мукофоти – “Мустақиллик” орденига сазовор топилди.

Мустақилликни мустаҳкамлаш ва кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, эзгу мақсадларимизга етишда аждодларимизнинг ибратли ҳаёти, ўлмас асарлари, шубҳасиз биз учун маънавий куч-қувват манбаи бўлиб хизмат қилади.

Музейдаги экспонатлар билан талабаларни таништиришдан олдин, уларга “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи ташкил қилгани ва унинг янада бойитиш йўлида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда Қуролли Кучларимиз салоҳиятини акс эттирувчи фильмлар намойиш қилинди.

Шундан сўнг талабаларга музей фаолияти, у ерда сақланаётган экспонатлар ҳамда экспозициялар таништирилди. Маълумки 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади. Қурбон бўлганларнинг номларини қайта тиклаш, хотирасини абадийлаштириш мақсадида пойтахтимизда бунёд этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи халқимиз, ёшларимизга улуғ аждодларимиз ёди барҳаёт эканини эслатиб туради.

– “Ватанпарварлик” ойлиги доирасида биз, талабаларимиз билан пойтахтимиздаги кўплаб музейларга сайёҳат қилдик, – дейди “Дин психологияси ва педагогика” кафедраси мудири, доцент З.Қосимова. – Бундан кўзланган асосий мақсадимиз шуки, бугун ёшларимиз аждодлари кимлар бўлганини ва уларнинг қилган эзгу ишларини яқиндан билсин. Ўқиган назарий билимлари билан фақатгина фахрланиб юриш эмас, йигит-қизларимизда муносиблик ҳисси кўпроқ жўш уриб туриши зарур.

“Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи 2008 йилда қайта таъмирланиб, кенгайтирилган ва экспозиция заллари 3 тага етказилган. 2008 йили музей экспозицияси янгиланган. Музей экспозицияси 10 та бўлимдан иборат бўлиб, 14 минг 665 та экспонатни ўз ичига олади. Айни пайтда мингга яқин тарихий ашё экспозицияда намойиш этилмоқда. Уларнинг 50 га яқини ноёб экспонат ҳисобланади. Музей замонавий техник воситалар билан жиҳозланган. Ҳар йили музейга ўртача 50 минг зиёратчи, асосан ёшлар ташриф буюрмоқда. Германия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Жазоир ва бошқа мамлакатларидаги тегишли муассасалар билан илмий ҳамкорликлар йўлга қўйилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши бугунги кун ёшлари учун ибрат мактаби эканлиги инобатга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейлари ташкил этилди.

– Ҳар бир юртнинг ҳурлиги, озодлиги йўлида жонини фидо қилган миллатпарварлари бор, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси А.Ўктамжонов. – Бизнинг ватанпарварларимиз эса бу – маърифатпарвар боболаримиз. Уларнинг номлари мангуликка муҳрланган.

Ўз ўрнида айтиш керакки, Ватан тинчлиги ва озодлиги учун қаҳрамонларча ҳалок бўлган, аждодларимиз номлари ҳеч қачон сўнмайди.

Йиллар ўтса-да, асрлар алмашса-да уларнинг жасоратини янги авлод вакиллари ёдга олади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчи ва талабаларининг “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейига қилган саёҳати барчанинг қалбида фахр-ифтихор уйғотди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати