Бир неча кундирки, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг

28 йиллиги ва 14 январь - “Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бугун ҳам ушбу тадбирларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилиши, уни ҳар жиҳатдан замонавий Миллий армияга айлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида маълумот берувчи навбатдаги тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг профессор ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этишди.

Мазкур сана муносабати билан ташкил этилган тадбирда мустақиллик йиллари Ўзбекистонда ҳарбий-сиёсий соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимиз хавфсизлиги ва тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга ҳар жиҳатдан қодир, замонавий, энг янги қурол-яроғлар ва ҳарбий техника билан таъминланган, мутлақо янги Миллий армия вужудга келгани ҳақида сўз юритилди.

Сўзга чиққанлар халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган қадимий анъана ва қадрияти асосида буюк аждодларимиз Aмир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди сингари она Ватан учун жонини фидо қилишга тайёр мард ва юртга садоқати ватанпарварлар камол топиб келаётгани, муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ўтган сўнгги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Миллий армиямизнинг ҳарбий салоҳияти сезиларли даражада ошгани ҳақида атрофлича тўхталдилар.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5529-сонли Фармойиши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 21 декабрда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректорининг ҳам “Ватанпарварлик ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, 2020 йилнинг январ ойи давомида “Ватанпарварлик — миллий юксалиш кафолати” шиори остида ўтказиладиган тадбирлар режаси ва ишчи гуруҳи шакллантирилди.

Айни дамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ватанпарварлик — миллий юксалиш кафолати” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар юқори савияда ўтмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати