Бугун, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Дин ишлари бўйича қўмитада байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Қўмита раиси барчани байрам билан самимий қутлаб шундай деди: “Ҳар қандай иморатнинг пойдевори мустаҳкам, кучли бўлса, у кўпга чидайди. Ҳеч қандай таъсир уни емира олмайди. Юрт ўғлонлари юрт учун ана шундай пойдеворки, уларнинг шарафли хизматлари ила мамлакатимиз қўрғонлари мустаҳкам, сарҳадларимиз тинч. Бугунги байрам билан барчангизни табриклайман. Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, келгусидаги фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман”.

– Бугун  қўмитамиз жамоаси учун қўшалоқ байрам. Сабаби Қўмита бош мутахассиси Бобожонов Дилшодхон Садриддинович Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ушбу мукофот билан Дилшодхон Садриддиновични ўзим ва Қўмита жамоаси номидан самимий табриклайман”, – деди Қўмита раиси.

Маълумот учун, “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида таъсис этилган.

Эслатиб ўтамиз, кўкрак нишони ҳар йили 14-январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида топширилади.

 

         Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати