Халқимизда Ватан остонадан бошланади, деган нақл бор. Ўз Она заминимизни кўз-қорачиғидек авайлашимиз, унинг шон-шарафи, шуҳрати учун қайғуриш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Мудофа вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Рустам Ахмедов ҳамда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов билан академия талабаларининг самимий учрашуви ташкил этилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

Мазмунли суҳбат шаклида ўтган мулоқотда меҳмонлар талаба-ёшларга миллий армиямиз куч-қудрати, ҳарбий хизматчиларнинг эл-юрт тинчлиги йўлида кўрсатаётган жасорати тўғрисида ҳаётий мисоллар асосида гапириб беришди.

Жумладан, узоқ ва яқин ўтмишдаги воқеа-ҳодисалар, мустақиллигимизни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, ватанпарвар ва миллатпарварларимизнинг Ватан озодлиги йўлидаги мардонавор курашлари кўплаб реал воқеликлар орқали ифода этилгани талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, дунёда бўлаётган нотинчлик, ахборот хуружларидан огоҳ бўлиш, ёвуз кимсаларнинг алдовига тушиб қолмаслик, фақат ва фақат асрий анъаналаримиз, ота-боболар ўгитларига амал қилган ҳолда иш кўришимиз лозимлиги таъкидланди.

Ўз ўрнида айтиш керакки, юртимизда ватанпарварлик, ахборот хавфсизлиги ойлиги доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар бежиз ўтказилмаяпти. Ҳаёт қийинчиликларида тобланган, ҳақиқий халқпарварларимиз билан кўплаб учрашувлар ташкил этилмоқдаки, ёш ўғил-қизлар уларнинг катта ҳаёт мактаби билан танишиб, бундан ибрат олиб, тўғри хулоса чиқарса ажаб эмас.

– Дунёда касблар кўп, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист С.Остонов. – Лекин улар ичида энг улуғи ва шарафлиси бу – Ватанни ҳимоя қиладиган соҳа вакиллари, яъни, ҳарбий хизматчилардир. Туну кун барчамизнинг хавфсизлигимиз, фаровонлигимизни таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиб келишмоқда. Уларга елкадош бўлиш эса ҳар биримизнинг бурчимиз саналади. Зеро, шоирлар айтганидек, Қанча шонинг бўлса, ватанни кўтар!

Учрашув давомида талабалар ҳам ўзлари тайёрлаб келган шеърий чиқишларини тадбир иштирокчиларга ҳавола этишди.

Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида Миллий армиямиз ташкил топганининг 28 йиллигини нишонлаш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар асносида академияга келган меҳмонларнинг фикр-мулоҳаза, мазмунли мулоқотлари барча талабаларда кўтаринки кайфият уйғотмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати