Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди.

Президентимизнинг жорий йил 11 январь куни Ҳадис илми мактабига ташрифи давомида билдирилган топшириқ ва таклифларда мактабнинг таълим жараёнларига хориждаги нуфузли таълим муассасаларининг малакали мутахассисларни жалб этиш масаласи алоҳида таъкидланган эди.

Жорий йилнинг 12 декабр куни Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан 2 нафар малакали ўқитувчилари профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ҳамда профессор Али Саад Али Саадлар Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди.

Мактаб устозлари ва талабалари билан бўлиб ўтган суҳбатда, хорижлик ўқитувчилар бу Юрт ўз даврида барча илмларда бўлгани каби ислом илмларида ҳам марказ бўлганлиги, диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий мерослари ҳали ҳануз дунёнинг нуфузли университетларида ўқитилаётганини таъкидлаб, албатта ушбу маскандан ҳам келажакда яна Имом Бухорийлар, Имом Термизийлар каби уламолар етишиб чиқишини ва унга ўз ҳиссалари қўшилаётганидан мамнунликларини бирдириб ўтдилар.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати