Шу кунларда Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов жойларда соҳада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, одамларни маънавий поклик, яхшилик ва ҳамжиҳатликка даъват этиш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда бугунги тинч-осойишта кунларнинг қадрига етиш ва унинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда.

Жорий йил 11-12 декабрь кунлари соҳа раҳбарлари Самарқанд вилоятига ташриф буюрдилар. Вилоят ёшлар иттифоқи мажлислар залида бўлиб ўтган мулоқотда Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти, халқимизнинг янада фаровон яшаши, хусусан ёшларимизнинг келажаги учун янгидан янги касб-ҳунар, ўқув даргоҳлари очилаётгани ҳақида такидлаб ўтилди. Бу ерда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди. Бундай хайрли ишлардан барчанинг кўнгли шод бўлди.

Ташриф давомида шунингдек, вилоят имом-хатиблари билан давра суҳбати ўтказилиб, соҳада олиб борилаётган янгилик ва ўзгаришлар, бугунги глобаллашув даврида ҳамиша огоҳ бўлиб, бепарволикка берилмасдан фаолият олиб бориш кераклиги такидланди ҳамда соҳада олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди ва ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати