Саудия Арабистонида бўлиб турган ишчи гуруҳимизнинг хабар беришича, зиёратчиларимиз белгиланган режа асосида тажрибали элликбошилар бошчилигида Мадинаи Мунавварадаги Уҳуд тоғи, Қубо масжиди ва бошқа мўътабар қадамжоларга зиёратлар уюштирмоқдалар. Ташриф давомида гуруҳ раҳбарлари томонидан мазкур жойлар тарихи, ислом оламида тутган ўрни ҳақида маърузалар қилинмоқда. 

Ҳозирда Мадинаи Мунаввара ва Маккаи Мукаррама шаҳарларида 2542 нафар зиёратчиларимиз ўз ибодатларини адо этмоқдалар. Уларга ўзбекистонлик 9 нафар шифокор, 5 нафар ишчи гуруҳи ва малакали имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари туну кун хизмат қилмоқдалар.

Бугунга келиб, 6220 та юртдошларимиз Умра зиёратига жўнаб кетган бўлса, шулардан 3673 нафари ўз ибодатларини мукаммал адо этиб Она Ватанимизга соғ-саломат қайтиб келдилар.

Мана шундай кўтаринки кайфиятда юртдошларимиз ўз ибодатларини давом эттираётган шу онларда Ҳукуматимиз томонидан яна бир янгиликка қўл урилди. Хабарингиз бор, жорий йил 14 ноябрдан бошлаб Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича Умра зиёратининг навбатдаги мавсуми учун ҳар куни биттадан авиақатнов йўлга қўйилган эди. “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши жорий йилнинг 10 декабрь санасидан ҳар куни 2 та авиақатнов йўлга қўйилганини маълум қилади. Бу дегани, бир кунда 500 га яқин юртдошларимиз муборак сафар сари йўл оладилар.

Бизнинг асосий мақсадимиз халқимизга холис хизмат қилиш ва уларни рози қилишдир.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати