Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи давомида берилган топшириқлар асосида, сўнгги йилларда, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам барча соҳаларда кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилди. Мақтанса арзигулик ютуқлар қўлга киритилди. Барча йўналишлар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам бир қатор хайрли ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжиди янгича, замонавий кўринишда қад ростлади. Масжид маъмурий биносининг биринчи қаватида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистондаги вакиллиги учун алоҳида жой ажратилди. Иккинчи қаватида эса ахборот-ресурс маркази ҳамда кутубхона ташкил этилди.

Давлатимиз Раҳбари топшириғига асосан, масжид ёнида минора, ҳовуз, новвойхона, автомобиллар учун тўхташ жойи ва бошқа қулайликлар яратилди. Манзарали дарахт ва гуллар экилди. Шунингдек, масжид ёнида 128 ўринли имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Жорий йил 3 декабрь куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов ўз сафарларини Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан қад ростлаган мазкур масжидни кўздан кечириш, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш билан бошладилар. Шу ернинг ўзида, замонавий кўринишда, барча қулайликларга эга мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар иштирокида учрашув ўтказилди.

Йиғилишда бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар, жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни, шунингдек, тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди ва ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.

Маълумки, 3 декабрь бутун дунёда “Халқаро ногиронлик куни” сифатида нишонланади. Шу муносабат билан, Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов Қорақалпоғистон Республикасидаги эътиборга муҳтож, кўнгли ўксик, кам таъминланган фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг совғалари: озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари, пул маблағларини улашдилар. Эътибордан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, кўзларида ёш билан ташкилотчиларга, меҳмонларга миннатдорлик билдирдилар.

Куннинг иккинчи ярмида, Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов уйма-уй юриб, етим-есирлар, кам таъминланганлар, эътиборга молик инсонлар ҳолидан хабар олиб, уларга совға-саломлар, моддий ёрдамлар кўрсатишди.

Кун якунида, Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов Қорақалпоғистон Республикасидаги “Муҳаммад Беруний” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, талабалар билан самимий мулоқот қилишди. Билим юртида талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, қулайликлар билан яқиндан танишдилар.

Эслатиб ўтамиз, Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, бугун Қорақалқоғистон сафарини якунлаб, Хоразм вилоятига йўл олишади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати