Россия федерацияси Бошқирдистон Республикасининг пойтахти Уфа шаҳрида “Россия-Ислом олами” стратегик қарашлар гуруҳининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати. Мажлисда диний бағрикенглик ва конфессиялараро мулоқот мазмун-моҳияти ва бугунги кунда долзарб масалалардан бири экани ҳақида сўз борди. 22 та мамлакат вакиллари иштирокида ўтган “Россия-Ислом олами” стратегик қарашлар гуруҳининг ушбу йиғилишида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Хусусан, у Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро дўстлик анъанавий эканини Тошкентнинг марказий қисмида жойлашган темирчи Шомаҳмудовлар оиласи мисолида кўрсатиб ўтди. Мажлис ишида Татаристон, Бошқирдистон Республикаларининг раҳбарлари шунингдек, Россия парламенти вакиллари, “Россия-Ислом олами” стратегик қарашлар гуруҳи раҳбарияти иштирок этди.  

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати