Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан “Ҳуқуқий саводхонлик” ойлиги  доирасида “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси томонидан “Конституция оламига саёҳат” номли маданий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

Унда профессор-ўқитувчилар, ходимлар, талаба-ёшлар ҳамда “Ziyo Zukko” умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда академия ҳудудидаги 6 та айвон Конституциянинг олти бўлимига хос тарзда безатилди.  Ҳар бир бўлимга кетма-кетликда талабалар таклиф этилиб, саволномалар тарқатилди. Саволларга тўғри ва тўлиқ жавоб берган талабаларга кейинги бўлимга йўлланма берилди. Охирги бўлимгача етиб борган талабалар “GOLD TICKET”га эга бўлиб, совға сифатида илмий-оммабоп китобларга эга бўлди. Тадбир давомида барча талаба ва ўқувчиларга ширинликлар улашилди. 

Шунингдек, тадбир мусиқий чиқишлар билан бойитилиб, энг билимдон талабалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан ташкил этиладиган асосий байрам тадбирига йўлланмани қўлга киритди.

Бу каби маънавий-маърифий байрамларни ўтказиш талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошишига, уларнинг жипслашишига ҳамда маънавий соғлом муҳитнинг  шаклланишига хизмат  қилади, шубҳасиз.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати