Кеча Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий ҳамда таълим бўлими бошлиғи Жалғас Сандыбаев ташриф буюрди, деб ахборот бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

Мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Собирович Қосимов қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, муқаддас ислом дини ва маданиятининг асл моҳиятини дунё жамоатчилигига тушунтириш, таълим муассасалари ўқув дастури ва дарсликлари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчи ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш борасида кенг қамровли музокаралар ўтказилди.

Суҳбат давомида “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, таълим жараёни Мисрдаги машҳур Ал-Азҳар университети ўқув дастурлари асосида олиб борилаётган раҳбарлигидаги таълим муассасаси фаолиятига тўхталиб ўтди.

Мен, Ўзбекистон халқаро ислом академиясини диний ва дунёвий билимлар уйғун ҳолда ўқитиб келинаётган дунёдаги нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири сифатида биламан, — дейди ўз сўзида Муҳаммад аш-Шаххат ал-Жиндий жаноблари. — Ўзбекистон олимлари қадимдан дунё илм-фани тамаддунига катта ҳисса қўшган. Ислом динида ҳам дин ва дунёвий билимлар тенг қўйилади. Бу ҳақида муқаддас Қуръон китоби ва айнан сизнинг юртингизда камолга етган буюк муҳаддис олимлар Имом Бухорий, Имом Термизий тўпланган кўплаб ҳадисларда ҳам келтирилган. Ёшларнинг баркамол вояга етиши ва дунёда рақобатбардош мутахассис сифатида ўз ўрнига эга бўлишида бу жуда муҳим омил.

Самимий ва ўзаро ишонч руҳида ўтган кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректор Баҳромжон Мамадиев, Ўқув ишлари бўйича проректор Иброҳим Усманов ҳамда Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев иштирок этди.

2019 йилнинг “Ўзбекистонда Қозоғистон йили”, дея эълон қилингани муносабати билан мамлакатимизда ўтказилаётган кенг миқёсдаги маданий тадбирлар доирасида ташкил этилган мазкур учрашув ҳар икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтарди. Бунда, албатта, Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамиятга эга. Зеро, халқларимиз ўртасидаги қардошлик, яқин қўшничилик ришталари илм-фан, маданият ва диний-маърифий соҳаларда ҳам ривожланиб бораётгани ёшлар таълим-тарбиясида ҳам ўз ижобий самарасини кўрсатиши шубҳасиз.

Эътиборлиси, учрашув доирасида ислом олимидаги таниқли олим Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий жаноблари академия талабалари учун муқаддас Ислом динининг илм-фан тараққиётидаги ўрни ва бугунги глобал жамиятдаги аҳамияти мавзусида маъруза ўқиди. Бу барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг меҳмонлар университет ҳузуридаги “Манбалар хазинаси” бўлими фаолияти, унда тўпланган бой маънавий мерос намуналари, уларнинг сақланиши ҳамда бўлимни янада бойитиш ва амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар борасидаги тажрибалар билан ҳам қизиқишди.

Учрашув якунида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича келишиб олинди.

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети делегациясининг юртимизга ташрифи 30 ноябргача давом этади.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати