Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда “Ёш сайловчи-2019”форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси.

Форумнинг мақсади 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этувчи талаба-ёшларимизнинг сиёсий, ҳуқуқий билими ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилди.

Маълумки, Конституция ва Сайлов кодексига мувофиқ, фуқароларимиз 18 ёшдан сайлаш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу ҳуқуқ Конституциямизнинг 117-моддасида, шунингдек,  Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилган.  Сайлов куни 21 ёшга тўлган йигит-қизлар маҳаллий кенгашларга, 25 ёшдан эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиши мумкин.

Бу билан мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз тақдирини юрт тақдири билан боғлар экан, ундаги сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этиши, давлат бошқарувида муносиб номзодни сайлаш орқали қатнашиши муҳим аҳамиятга эга.

Бу йилги сайловларда 20,6 миллионга яқин сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Улардан 2 миллиондан ортиқ йигит-қиз эса биринчи марта сайловда иштирок этади.

Учрашувда ёш сайловчиларга бўлиб ўтадиган сайловлар янгича тамойиллар асосида “Янги Ўзбекистон-янги сайловлар” ғояси негизида ўзига хос фаоллик фуқаролик позицияси асосида ташкил этилаётгани таъкидланди.

Талабалар участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти ва овоз бериш тартиби ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

Сайлов кодексига мувофиқ, овоз бериш куни сайлов участкасида соат 8.00 да Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди. Участка сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида овоз бериш бошланганлигини эълон қилади, сайлов қутиларининг бўшлигини текширади ва уларни бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломбалар билан пломбалайди, пломбалар рақами кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади, участкадаги рўйхат бўйича сайловчиларнинг сони, олинган сайлов бюллетенлари сони ҳамда муддатидан олдин овоз берганлар ҳақида маълум қилади.

 Ушбу маълумотлар якуний баённомага киритилади, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишни мувофиқлаштириб боради ҳамда назорат қилади, зарурат бўлганда комиссия аъзоларига ёрдам кўрсатади, улар вақтинчалик йўқ бўлган ҳолларда уларни бошқа аъзолар билан алмаштиради, овоз бериш тугалланганлигини эълон қилади, бинода ҳозир бўлган сайловчиларга овоз беришни тугаллаши учун имконият беради.

Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «√ » ёхуд «х» белгисини қўяди.

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йўли билан) лозим ва алоҳида сақланади.

Сайловларда илк маротаба иштирок этаётган ёшларнинг доимий равишда ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириб боришлари, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларнинг самараси ва таъсирчанлигининг ошишига хизмат қилади.

Манба: elections.uz

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати