Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Биз – келажак бунёдкоримиз!” мавзусида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати. Унда мазкур олий ўқув юрти мутахассис кадрларига эҳтиёжманд республикамиздаги корхона ва ташкилотлар мутасаддилари ҳамда битирувчи курс талабалари иштирок этди.

Ушбу тадбирда ортиқ ташкилот ва муассаса мутасаддилари, Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари  бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази,  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси,  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги,  Республика маънавият-маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази,  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши,  Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти,  “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Темурийлар тарихи давлат музейи”, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи-методик маркази, “VAQF” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси каби 30дан ортиқ нуфузли давлат ва нодавлат ташкилотлари ўз таклифлари билан қатнашди.

Тадбирни академиянинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича  проректори З.Исломов кириш сўзи билан очиб, битирувчилар бандлигини таъминлаш, уларнинг муносиб иш ўринга эга бўлиши, ўз фаолияти орқали жамият тараққиётига хизмат қилиши ҳар жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Зеро, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг муайян йўналишида фаолият кўрсатишига шароит яратиш ва ўз соҳаси бўйича иш ўрнига эга бўлишига кўмаклашиш долзарб масаладир. 

Шундан сўнг, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул вакили Э.Алимқулов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими У.Абидхожаев, Ёшлар иттифоқи тасарруфидаги ёшларга ижтимоий психологик хизмат кўрсатиш нодавлат нотижорат ташкилоти ходими С.Қаҳҳоров, Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги ҳузиридаги маънавият ва маърифат маркази ходими М.Мухамедова, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг кадрлар бўлими бошлиғи А.Ахмедов сўзга чиқиб, ўзлари фаолият юритаётган ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот беришди.

Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабаларнинг пухта билим ва амалий тажрибага эга бўлишлари учун яратилган шароитлар билан академиянинг Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори И.Усманов, “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети декани А.Абдурашидов, “Мумтоз Шарқ филологияси” факультети декани А.Казакбаев ҳамда “Исломшунослик” факультети декани З.Рўзиев таништириб ўтди.

Битирувчи талабалардан академия магистранти Ж.Ибрагимов ҳамда “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети талабаси Б.Ғуломовлар ҳам сўзга чиқиб, ўз мутахассисликлари бўйича эгаллаган билим ва кўникмалари тўғрисида ташкилотлар ходимларига маълумот берди.

Маълумки, Ўзбекистон халқаро ислом академияси республикада ўз йўналишига кўра ягона таълим муассасаси бўлиб, дунёвий ва диний фанларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассис-кадрларни тайёрлайди. Шу жиҳатдан, 2019-2020 ўқув йилида мазкур олий ўқув юртини “Тарих (ислом тарихи ва манбашунослиги)”, “Диншунослик”, “Психология (дин социопсихологияси)”, “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар”, “Информатика ва ахборот технологиялари”, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 137 нафар бакалавр ҳамда “Диншунослик”, “Ислом тарихи ва манбашунослиги”, “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик”, “Психология (дин психологияси)”, “Ташқи иқтисодий фаолият (инвестицион фаолият)”, “Тарих (ислом цивилизацияси)”, “Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари” мутахассисликлари бўйича 70 нафар магистр илмий даражасига эга битирувчи талаба тамомламоқда.

Учрашув давомида иш берувчи ташкилот ва муассаса вакиллари билан битирувчи мутахассисларнинг ўзаро танишувли муносабатлари, келишувлари амалга оширилди.

Эътиборлиси, тадбир давомида “Дин психологияси ва педагогика” кафедраси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, “Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари” кафедраси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси ҳамда Республика маънавият-маърифат маркази ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ўртасида ўзаро келишув шартномалари имзоланди.  

Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат  маркази мутассадилари бир нафардан академия битирувчисини ишга қабул қилишини маълум қилди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати