Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 17-18 октябрь куни Сурхондарё вилоятига қилган ташрифлари чоғида янги бунёд этилган Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази биноси билан танишиб, буюк муҳаддис Имом Термизий ҳазратларининг ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш, халқимизга тушунарли тилда китоблар чоп этиш бўйича тавсиялар берган эдилар. Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ёт оқимлар таъсирига тушган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича амалий таклифларни илгари сурган эдилар.

Жорий йил 19 ноябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоятда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, берилган топшириқлар ижросини бажарилиш жараёнини ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилоятига сафар қилдилар.

Улар дастлаб Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида ташкил этилган имом-хатиблар учун малака ошириш ўқув жараёнини кўздан кечириб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг, имом-хатиб ва имом-ноиблар иштирокида суҳбат ташкил этилди. Унда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди, мавжуд муаммолар тингланди. Юқорида таъкидланганидек, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ёт оқимлар таъсирига тушган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар “Оила” илмий-амалий марказида бўлиб, вилоятда оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш, мавжуд ажримларнинг олдини олиш бўйича диний соҳа ходимлари билан ҳамкорлик ишларини кучайтириш борасида фикр алмашдилар. Бундан ташқари марказ қошида ташкил этилган касб-ҳунар тўгараклари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Сурхондарёга қилинган сафарнинг иккинчи куни эрта тонгида “Меҳр-2” номли гуманитар операцияси доирасида Яқин Шарқдан олиб келинган ёш болалар  ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар улашилди.

Сурхондарё вилоятига ташриф давом этмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

матбуот хизмати