Кўтаринки кайфиятда ўз ибодатларини адо этаётган юртдошларимиз Мадинаи мунавварадаги “Pullman Zamzam” меҳмонхонасида оппоқ эҳромга кириб, ташкилий равишда замонавий ва шинам автобусларда йўлга чиқдилар.

Сўнгра, Зулҳулайфа водийсида Умрани ният қилиб, Макка шаҳри томон  йўл олдилар.

Зиёратчиларимизни Макка шаҳридаги “Ҳарам масжиди”дан 600-700 метр узоқликда жойлашган “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонасида ишчи гуруҳ ва “ал-Ҳидоя” ширкати вакиллари катта тантана ва хурсандчилик билан кутиб олдилар. Юртдошларимизга зам-зам суви ва сарҳил ширинликлар тортиқ қилинди.

Таъкидлаш керакки, зиёратчиларимизга меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Уларга тажрибали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари (элликбоши) ҳамда малакали шифокорлар туну кун хизмат кўрсатмоқдалар.

Ушбу меҳмонхона ҳам Масжиди Набавий сингари Байтуллоҳга яқин жойда жойлашган бўлиб, юртимиздан борган зиёратчиларга беш вақт намозларини Ҳарами шарифда ўқишлари учун қулайлик туғдирмоқда.

Шу куннинг ўзида зиёратчиларимиз Байтуллоҳда Умра амалини тўлиқ адо этдилар.

Аллоҳ таоло қилган Умра амалларини муборак айласин!

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати