Ислом динида Ақида илми мўътабар ҳисобланади. Зеро, унда инсон тақдирдаги битиклар ҳақидаги билимлар мужассам. Мазкур илмга кўра, Аллоҳ инсонни ер юзига ўзининг халифаси (ўринбосари) қилиб юборган. Ва қайси замон, жамиятда яшашидан қатъи назар ўз Ватани (туғилиб ўсган ери)ни гуллаб-яшнатиши, халқи, миллати, оиласи фаровонлиги учун ҳаракат қилмоғи лозимлиги билдирилган.

Аллоҳ Қуръоннинг Бақара сураси 30-оятида шундай таъкидлаган: 

...وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً

Маъноси: Эсланг, (эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман»…

Мазкур оят давомида фаришталар Аллоҳга эътироз билдирадилар ва инсонни эр юзида бузғунчиликлар қилишига ишора қилиб шундай дейдилар:

قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ

Маъноси:  ...Улар айтдилар: «У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан». 

Аллоҳ фаришталар эътирозига қатъий рад жавобини бериб, барибир инсонни улуғлаб уни яратишлигига ишора қилди ва Ўзининг муборак исмларини инсон ақлига сингдириб фаришталарни ожиз қолдирди:

وَعَلَّمَ آدَمَ الأَسْمَاء كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلاَئِكَةِ فَقَالَ أَنبِئُونِي بِأَسْمَاء هَـؤُلاء إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ

Маъноси: Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: «Агар халифаликка биз ҳақдормиз, деган сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринг!»

Табиийки, фаришталар Аллоҳнинг ушбу топшириғини бажаришда ожиз қолдилар ва дедилар:

قَالُواْ سُبْحَانَكَ لاَ عِلْمَ لَنَا إِلاَّ مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

Маъноси: Улар айтдилар: «Эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан».

Шунда Аллоҳ сон-саноқсиз йиллардан бери Унинг итоатида бўлиб келган фаришталар олдида инсонга хитоб қилиб уларни ожиз қолдирди:

قَالَ يَا آدَمُ أَنبِئْهُم بِأَسْمَآئِهِمْ فَلَمَّا أَنبَأَهُمْ بِأَسْمَآئِهِمْ قَالَ أَلَمْ أَقُل لَّكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنتُمْ تَكْتُمُونَ

Маъноси: (Аллоҳ): «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир», деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: «Сизларга, Мен еру-осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?»

Шундан сўнг Аллоҳ жамики фаришталарни, эътибор беринг, жамики нурдан яралган пок фаришталарни асли лойдан яралган Одамга сажда қилишликка буюрди. Фаришталарнинг ҳаммаси сажда қилди, илло Азозил дегани кибрга берилиб, Аллоҳнинг амрига итоат қилмади ва қиёматга қадар инсонга душман бўлиб иблис, шайтон деган номни олди:

وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلاَئِكَةِ اسْجُدُواْ لآدَمَ فَسَجَدُواْ إِلاَّ إِبْلِيسَ أَبَى وَاسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ

Маъноси: Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб -кофирлардан бўлди.

Азиз ўқувчи! Биз мазкур мақоламизни бежизга Қуръондаги ушбу ҳикоят билан бошламадик. Чунки айнан одам дунёга келган пайтда унга Аллоҳга итоат қилиб, хайрли ишларни амалга ошириш ёки шайтонга эргашиб дунёда бузғунчилик қилиш йўлларидан бирирни танлаш имкони берилди.

Шундай экан, инсон қайси даврда яшамасин, Аллоҳга шукр қилиб, доим ўз Ватанини обод этиш учун саъй-ҳаракатда бўлмоғи лозимдир. Чунки Аллоҳ барча яратган махлуқотлари орасида инсонни мукаррам ва азиз қилиб яратиб қўйган:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً

Маъноси: Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда – қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик («Исро» сураси, 70 оят).

Демак, инсонни Аллоҳ ўз махлуқотлари орасида мукаррам ва азиз қилиб яратган экан, энди бунинг Аллоҳга инсон томонидан шукронаси қандай бўлади, деган савол туғилади. Айнан мана шу саволга тўғри жавоб беришда тарихдан то бугунги кунгача ўзини ҳазрати инсон, қолаверса, мусулмон ҳисоблаган одам фарзандлари ўртасида турли мунозаралар бўлиб келади. Энг ёмони, бу жараёнда турли низолар ҳам келиб чиқиб, баъзида қонли тўқнашувларга ҳам сабаб бўлган.

Инсон доим қайси даврда, қайси маконда (ватан) яшамасин, доим Аллоҳга шукр қилиб яшамоғи ва Аллоҳ олдидаги инсонийлик бурчини адо этмоғи лозим бўлади. Чунки Қуръонда Аллоҳ инсонлар Унга шукр қилсалар, бераётган неъматларини янада зиёда қилиб беришини таъкидлаган:

...لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ...

Маъноси: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман.(Иброҳим сураси, 7-оят).

Афсуски, бугунги кунда айрим мутаассиб кайфиятдаги инсонлар ислом ақидасини нотўғри талқин қилиб, ўз раъйлари билан иш тутишга ҳаракат қилмоқда. Натижада, бутун бир миллат, давлат, қолаверса, бутун дунё эътироф этган олимларнинг насиҳатларига ҳам риоя қилмай, ўзларининг бузуқ эътиқодларини тарғиб қилишга уринишмоқда.

Шу ўринда бобомиз, буюк мутафаккир Ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги икки байтлари ёдимизга тушади:

 Айлама ўз раъйингга кўп эътиқод,

Муътамад эл раъйидин иста кушод.

 Кишиким қилса олимларга таъзим,

Андоқки қилур пайғамбарга таъзим.

Минг афсуски, бугунги кунда тараққиёт ва йиллар давомида инсон тафаккури ва меҳнати билан шаклланиб келаётган маданият ва қадриятларни ўзининг тор эътиқоди ва жаҳолати билан “ҳазм” қила олмаётган кимсалар гўёки тарихдаги, яъни пайғамбар ва саҳобалар давридаги муҳитни истаб, турли бузғунчи эътиқодий қарашларни илгари сурмоқда.

Уларни шартли уч тоифага бўлиш мумкин.

Биринчиси – замонавий давлат бошқарувини куфрда айблаб, Пайғамбар даврини қумсовчи ва ҳижратни тарғиб қилувчи тоифа.

Иккинчиси – халифликни тиклашга уринаётган “Ҳизбут-таҳрир” партияси. Бу тоифа биринчи тоифанинг мантиқий ҳамфикрлари ҳисобланади.

Учинчиси – ҳар қандай замонавий тараққиёт (санъат, кийиниш маданияти, миллий урф-одатлар)ни инкор этувчи ва жамиятни юз, икки юз йил қаъридаги даврга қайтишини истовчи тоифалар.

Шу ўринда биринчи тоифа ҳақида тўхталиб ўтамиз. Унга мисол қилиб, бугунги кунда айрим сохта салафий, деб ном олган тоифаларни келтириш мумкин. Улар ўзи туғилиб ўсган ватани, миллати, ҳатто ота-онасига қарши чиқиб “ҳижрат”, деган тушунчани ёшлар онгига сингдиришга ва тўғри йўлдан оздириб ватанига, миллатига қарши чиқишга ундамоқда. Сохта салафийларнинг даъво қилишича, бугунги кунда барча нарсалар бидъат (шариатда йўқ бўлган ва кейин пайдо бўлган) ҳисобланади. Улар жамиятдаги инсоннинг кийиб юрган либосидан тортиб, тутаётган рўзғор буюмлари ва қилаётган урфларигача ҳаммасини гўёки шариатга зид деб, инсонларни чалғитишга, тараққиётдан тўсишга уринмоқда ва бундай ҳолатдан фақатгина ҳижрат қилиш орқали қутилиш мумкинлигини уқтиришмоқда.

Шу ўринда сохта салафийлар ва экстремистик тоифалар даъво қилаётган ҳижрат масаласига ойдинлик киритиб ўтиш ўринлидир. Аслида, бундай жоҳилларга қарши Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу аҳайҳи васалламнинг биргина қуйидаги ҳадислари кифоя қилади:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: لا هجرة بعد فتح مكّة.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат қилишлик йўқдир”.

Ушбу ҳадисни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўплами “Саҳиҳи Бухорий” – “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида ўндан ортиқ жойида келтирганлар.

Сохта салафийлар ва бошқа экстремистик тоифалар ўзлари ватандан қочиб чиқиб кетганларини ҳижрат деб, ўзларига “муҳожир” деб ном қўйиб олганлар. Улар гўёки ҳақ йўлда эканларини Қуръондан Нисо сураси, 97­-99-оятларини далил келтирадилар:  

إِنَّ الَّذِينَ تَوَفَّاهُمُ الْمَلآئِكَةُ ظَالِمِي أَنْفُسِهِمْ قَالُواْ فِيمَ كُنتُمْ قَالُواْ كُنَّا مُسْتَضْعَفِينَ فِي الأَرْضِ قَالْوَاْ أَلَمْ تَكُنْ أَرْضُ اللّهِ وَاسِعَةً فَتُهَاجِرُواْ فِيهَا فَأُوْلَـئِكَ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَسَاءتْ مَصِيراً إِلاَّ الْمُسْتَضْعَفِينَ مِنَ الرِّجَالِ وَالنِّسَاء وَالْوِلْدَانِ لاَ يَسْتَطِيعُونَ حِيلَةً وَلاَ يَهْتَدُونَ سَبِيلاً فَأُوْلَـئِكَ عَسَى اللّهُ أَن يَعْفُوَ عَنْهُمْ وَكَانَ اللّهُ عَفُوّاً غَفُوراً 

Маъноси: "Албатта (мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан) ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чогида фаришталар уларга: "Қандай ҳолда яшадингиз?" - деганларида: "Биз бу ерда чорасиз бечора эдик" - , дедилар. (Шунда фаришталар): "Ҳижрат қилсангиз Аллоҳнинг ери кенг эмасмиди?! (Нега, дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)"- дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир, қандай ёмон жойдир у! Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, (ҳижрат) йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни шояд Аллоҳ авф этса. Зотан, Аллоҳ авф этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган Зотдир". 

Мазкур оятни шарҳлайдиган бўлсак, ундаги ҳукм аслида ўз диёрида ноҳақликларга дуч келган ва мусулмонлик амалларни бажарашда тўсқинликка учраган шахсга нисбатан олинади. Сохта салафийлар ва «Ҳизбут-таҳрир» партияси каби адашган тоифалар эса Қуръон ҳукми билан бошқарилмайдиган ҳар қандай давлатни куфр диёри сифатида эълон қилиб, уни тарк этишга даъват қилмоқда. Уларнинг наздида бундай юртлар ўзининг жамики бойликлари ва унга рози бўлиб яшаётган аҳолиси билан қўшилиб “дорул ҳарб”, яъни уруш диёри деб атамоқдалар.

Аслида эса, Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган «Фиқҳ энциклопедияси»дан келтирилган мисолга кўра, ҳозирги кунда деярли барча мамлакатлар ўртасида тинчлик сулҳлари тузилган. Бу ерларда яшаб турган мусулмонларни қандай қилиб кофирга чиқариш мумкин. Ҳамаср уламоларимиз аслида номусулмон бўлган ғарбий давлатларда мусулмонларнинг яшашлари, ишлашлари ва ўша давлат фуқаролари бўлишига фатво берганлар. Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: «Ҳижрат қилмаган кофир бўлади», деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилишни айтиб бера олармикин? Масалан, Ўзбекистонни “куфр диёри” ҳисоблаган жоҳил тоифаларнинг аксарияти Туркияга кетиб қолган ва бу ишини ҳижрат ҳисоблаган. Нима, Туркияда давлат Қуръон асосида бошқариладими?! Аслида бу тоифаларнинг ботил эътиқодига кўра, Туркия ҳам “куфр диёри” эмасми?! Ушбу парадокс ҳам уларнинг эътиқоди, тутаётган йўли нотўғри эканига далилдир.

Энди яна ҳижратнинг асл мазмун-моҳияти ва бугунги кундаги мақоми ҳақида маълумот бериш ўринлидир. “Ҳижрат” деган тушунча тарихда, аниқроғи, Пайғамбаримиз даврларида ўз ҳукмини йўқотиб бўлганини юқорида ҳадис орқали аниқлаб олдик.

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидаги бир воқеани ҳикоя қилиб берган эдилар: Ҳижратни даъво қилувчи тоифанинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!” “...Мени зиёратимга келганлардан бири ўзига керак бўлган бир неча саволлардан кейин менга жиддийроқ савол борлигини айтди. «Қани, эшитайлик-чи, қандай савол экан ўзи?» – дедим. «Баъзи тоифалар, ҳозир ҳижрат қилиш фарз», - дейишмоқда. Бунга нима деймиз?», - деди. Мен унга: «Агар ҳижрат қилиш фарз бўлса, нима учун ўзингиз уни қилмай юрибсиз, демадингизми?» – дедим. «Бу нарса эсимга келмабди. Аммо у одам жуда қаттиқ туриб, шу ишни қилиш керак, деб уқтирмоқда», - деди. Мен унга шундай жавоб бердим: «Фарзи айнларни адо этишга имкон бўлса, ҳижрат фарз бўлмайди. Бу гапни аввал нима қилса, қилиб юрганлар ўзларидаги нуқсонни хаспўшлаш учун айтишади. Улар шундай қилсалар, гуноҳлари енгиллаб қолганга ўхшайди. Сизлар тушуниб олдингиз, унга ўхшаш гапларга эътибор берманглар. Бугунги кунда динда мана шу турдаги ҳаддан ошганлар бизда жуда ҳам кўп. Улардан жуда эҳтиёт бўлиш керак”.

Юқоридаги воқеада замонамиз уламосининг фикрларини эшитдик. Энди тарихда яшаган уламолар, саҳобаларга мурожаат қиламиз. Таниқли саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу бир гуруҳ шогирдлари билан илк ҳаворижлар олдидан ўтиб қолибдилар. Унинг шогирдлари бу зотнинг кимлигини таништириб, “Бу Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳазратлари бўладилар!”, дебдилар. Шунда Абу Феруз деган ҳавориж: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, дебди.

Мазкур ривоятга эътибор берсангиз, ҳаворижлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобасини менсимаяпти, ҳижрат қилмаган, деб таъна қиляпти. Шунда Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳаворижларни назарда тутиб: “Аллоҳнинг душмани нима деяпти?”, деб сўрабдилар. Одамлар унинг: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, деяётганини айтишибди. Шунда, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳижрат қилганимдан сўнг яна ҳижрат бор эканми?!”, деб туриб, бундай дебдилар: طوبى لمن قتلهم او قتلوه – “Улар билан курашган ёки шу мақсадда  вафот қилганларга жаннат башорати бўлсин!”

Мазкур ривоятга кўра, саҳобалар ҳам ақидада адашиб кетган хаворижларни Аллоҳнинг душмани, деб атамоқда ва уларга қарши турганларга жаннатни сўраб дуо қиляпти.

Бугунги кунда ҳижратнинг йўқлигига яна бир мисол: Тобеинларнинг икки улуғ олими Убайд ибн Умайр ал-Лайсий раҳимаҳуллоҳ билан бирга Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг зиёратларига борибдилар. Суҳбат давомида ҳижрат борасида сўрашибди. Шунда, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Бугун ҳижрат йўқ! Бир вақтлар мусулмонлар дини сабабли фитнага тушиб қолмаслик мақсадида Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қочган эдилар. Энди эса Аллоҳ исломни зоҳир қилди. Бугун ҳар ким хоҳлаганча Парвардигорига ибодат қилаверади”, деганлар (Бухорий, 5/3900).

Тобеинларнинг яна бир улуғ олими Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга: “Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Бухорий, 5/4309).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳу одамларнинг: “Ҳижрат қилмаган кимса жаннатга кирмайди! Ҳижрат қилмаганларнинг дини йўқ!”, деб юрганларнинг гапини эшитиб қолиб, “Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрамагунимча уйимга кирмайман!”, деб қасам ичибди. Бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганларида, у зоти шариф: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деб жавоб берган эканлар.

Энди иккинчи тоифа -  бугунги кунда халифаликни истовчи «Ҳизбут-таҳрир» тоифасига раддия бериб ўтамиз. Ҳизбчилар шуниси билан ажралиб турадики, улар тараққиёт, кийиниш маданиятида унчалик чуқур кетмайдилар. Шунинг учун ҳам ҳизбчиларни жамиятда оддий инсонлардан ташқи қиёфасида ажратиб олиш жуда қийин. Лекин уларнинг ақидасига назар ташласак, асрлар давомида юртимизда муқим бўлиб келаётган мотуридия ва ҳанафия таълимотига мутлақ зид эканига гувоҳ бўламиз. Шу сабабли биз бу тоифага улуғ аждодимиз, мотуридия таълимотининг пешқадам вакили – Абул Муин Насафий илмий мероси орқали раддия беришни жоиз топдик.

Ҳизбчиларнинг энг адашган жиҳатларидан бири шундаки, улар қазо ва қадар масаласида адашиб,  Аллоҳнинг азалдан яратган тақдири бўйича ботил эътиқодни илгари сурадилар. Ҳизбчиларнинг “пешво”си бўлган Тақиюддин Набаҳоний “Исломий шахсият” китобида (Китоб махфий нашр этилган, 94-бет) шундай таъкидлаган:

وهذه الافعال – أي أفعال الإنسان – لا دخل لها بالقضاء ولا دخل للقضاء بها، لأن الإنسان هو الذي قام بها بإرادته واختياره، وعلى ذلك فإن الأفعال الاختيارية لاتدخل تحت القضاء.

Таржимаси: Инсон томонидан содир бўладиган феълларнинг Аллоҳнинг яратган қазосига алоқаси йўқдир ва қазонинг ҳам инсон феълларига боғлиқлиги йўқ. Чунки инсон ўз феълларини ўз иродаси ва ихтиёри билан бажаради.

Набаҳоний ўша китобнинг 97-бетида қазо ва қадар масаласида яна қуйидагича ботил ақидасини илгари сурган:

فتعليق المثوبة أوالعقوبة بالهدى والضلال يدل على أن الهداية والضلال هما من فعل الإنسان وليسا من الله. إذ لو كانا من الله لما أثاب على الهداية وعاقب على الضلال.

Таржимаси: Ҳидоят ва залолатнинг мукофотлаш ва жазолаш билан боғлиқлиги шунга далолат қиладики, ҳидоят ва адашишлик феъллари инсонга боғлиқдир. Агар бу иккиси Аллоҳ томонидан бўлганида, У бандасини натижада мукофотламаган ёки жазоламаган бўлар эди.

Абул Муин Насафий ўзининг “Баҳр ал-калом” асарида қазо ва қадар масаласини аниқ далиллар билан равон тилда очиб берган. Асарда муътазилийларга раддия берилар экан, шундай таъкидланади: Муътазилалар эътиқодига кўра, феълларнинг (у ёмон ёки яхши феъл бўлишидан қатъи назар) барчасини бандаларнинг ўзлари яратадилар ҳамда улар Аллоҳ томонидан иститоат (хоҳиш) ва қувват берилишига эҳтиёжманд эмаслар.

Насафий “Буҳр ал-калом”да бу ботил эътиқодга раддия бериб шундай дейди: “Агар бандалар ўз амалларини (феъл) ўзлари яратсалар, Аллоҳга шерик бўлиб қоладилар. Ваҳоланки, бизнинг наздимизда, (мотуридия таълимотида) феълларни Аллоҳ яратган ва ўша феълларни Аллоҳнинг иродаси, берган иститоати билан банда бажаради. Бунга қуйидаги оятлар далилдир:

وَاللَّهُ خَلَقَكُمْ وَمَا تَعْمَلُونَ

Оят маъноси: Ҳолбуки сизларни ҳам, қилиб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Соффат сураси, 96-оят).

الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَلَمْ يَتَّخِذْ وَلَداً وَلَمْ يَكُن لَّهُ شَرِيكٌ فِي الْمُلْكِ وَخَلَقَ كُلَّ شَيْءٍ فَقَدَّرَهُ تَقْدِيراً

Оят маъноси: У – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир. (Фурқон сураси, 2-оят).

ذَلِكُمُ اللّهُ رَبُّكُمْ لا إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ فَاعْبُدُوهُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ

Оят маъноси: Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч ҳандай илоҳ йўқ, магар Унинг ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил – муҳофаза  қилгувчидир. (Анъом сураси, 102-оят).

Насафий далил келтирган мазкур оятлар «Ҳизбут-таҳрир» партиясининг юқоридаги ботил эътиқодларига қарши раддия бўлади.

Шунингдек, «Ҳизбут-таҳрир» партиясида бугунги кунда халифалик сайлаш зарурлиги ва халифасиз яшайдиган мусулмоннинг имони қабул қилинмаслиги ҳақидаги Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид қарашларига ҳам “Баҳр ал-калом” асарида аниқ ва лўнда раддия бериб ўтилган. Асарда таъкидланишича, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис келган:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "الخلافة من بعدي ثلاثون سنة، ثم تصير إمارة وملكا". صدق رسول الله صلى الله عليه وسلم.  (أخرجه الإمام أبو داود في سننه والإمام الترمذي في سننه).

Ҳадис маъноси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мендан кейин халифалик ўттиз йил давом этади ва ундан кейин амирлик ва подшоҳликларга бўлинади. (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ўз “Сунан”ларида келтирганлар).

Насафийнинг таъкидлашича, Умар (р.а.) ва Усмон (р.а.) халифалик даврлари жами 22 йил, Абу Бакр (р.а.) халифалик даври 2 йил, Али (р.а.) халифалик даври 6 йил давом этган. Ҳаммаси қўшиб ҳисобланса, Пайғамбаримиз таъкидлаб ўтган 30 йил келиб чиқади.

Демак, мазкур далилдан кўриниб турибдики, бугунги кунда халифаликни даъво қилишлик мантиқан нотўғри ҳисобланади. Ҳозирги  демократик конституцион тузумни агарда унда ислом тамойилларига зид кўрсатма ва қонунлар белгиланмаган ҳамда мусулмонлар ўз диний ибодатларига тўлиқ амал қилиш ҳуқуқи билан кафолатланган бўлса, бундай давлат хоҳ у Ўзбекистон бўладими, ҳоҳ Туркия бўладими, хоҳ Европа давлатлари бўладими, ҳеч ким “дорул куфр” деб аташига ҳаққи йўқ.

Учинчи тоифа ҳақида тўхталадиган бўлсак, уларнинг иддаолари ғирт ақлсизликдан иборатдир. Чунки давр ўтиши билан табиийки, замон ҳам, маданият ҳам ўзгариб туради. Агарда бу дунё бирхилликка маҳкум этилганида, инсоният ҳанузгача Одам ато давридаги маданият билан ҳамоҳанг яшаб келаётган бўларди.

Аҳамият берадиган бўлсак, ҳозирда юртимизда ўтмишдаги ота-боболаримизнинг кийган кийимлари, анъаналарини тарғиб қилишга ва ҳар қандай замонавий маданиятнинг кўринишини бидъат ҳисобловчи тоифалар учраб турибди.

Мақоламизнинг аввалида бежиз инсоннинг яратилиш тарихи, унинг Аллоҳ олдида қандай даражада экани ҳақида маълумот берилмади. Чунки инсонга Аллоҳ бошқа махлуқотларидан фарқли равишда “Ақл” деган неъматни ато этган. Бугуни кундаги ҳар қандай маданият, тараққиёт маҳсули айнан инсоннинг ақл-тафаккури маҳсули ҳисобланади. Лекин ушбу тафаккур маҳсулидан унумли, оқилона истифода этиш учун ҳам инсонга озгина бўлса ҳам фаросат керак бўлади. Чунки бугунги кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қошиқ бўлмаган, деб шўрвани ҳам қошиқсиз ичаётган ва қошиқни бидъат санаётган фаросатсизлар кўпайиб кетди. Бундайларга шундай савол бергинг келади: қўлингдаги қошиқ Пайғамбар даврида бўлмаган бўлса, ичаётган таомнинг ҳам ўша даврда бўлмаган-ку! Нега уни ичаяпсан?!

Кийиниш масаласида ҳам шундай. Бугун айрим фаросатсизлар соқол қўйиш масаласида Алишер Навоий ва Амир Темурни ҳам мисол келтириб, соқол қўйганини далил келтиришади. Лекин ўзлари ҳазрат Навоийдан битта байт ҳам айтиб беролмайди, “Темур тузуклари” китобини ўқиш ҳатто тушига ҳам кирмаган. Лекин соқол қўйиш, узун иштон ва ридо кийиб юришни ўзини диндор, имонли кўрсатишда энг асосий тамойил ҳисоблайди. Илм олиш, тафаккур қилиш, жамият тараққиётига моддий ёки маънавий ҳиссасини қўшишни эса хаёлига ҳам келтирмайди. Лекин Қуръонда кийиниш ҳақида оятлар билан илм, тафаккур, ақл юритишга тарғиб қилувчи оятлар солиштирилса, қайси бири кўп экани ҳаммага аён-ку.

Яна Абул Муин Насафийга мурожаат қиламиз. Насафий ҳазратлари “Баҳр ал-калом”да қайд этишларича, кийимнинг асл зарурати ва моҳияти шундаки, у Инсоннинг авратларини тўсиб туриши (яъни ҳайвондан ажратиб туриши) лозим. Насафий бу ерда кийимнинг ҳар қандай турини назарда тутганлар. Соқол қўйиш ҳам энг зарурий масала бўлганида аждод уламоларимиз ўз асарларида унга алоҳида банд ажратиб кетган бўлмасмиди?!    

Қиссадан ҳисса шуки, Аллоҳ мукаррам қилиб қўйган ҳазрати инсон эканмиз, ақлимизни қалбимиз билан ҳамоҳангликда ишга солиб, тафаккур қилсак ҳар бир даврда ўз замонамизнинг етук вакилига айланамиз. Ақлдан воз кечиб, юқорида келтирилган жаҳолатнинг қора тўнига бурканиб олган нодонларга қулоқ солсак, икки дунёда ҳам хору зор бўламиз(!)

Шунинг учун ҳам Имом Абу Мансур Мотуридий бобомиз “Китоб ат-тавҳид” асарида шундай хитоб қилган бўлсалар ажаб эмас: “Ақл юритишни истамаган халқнинг охир-оқибат ақл юртишидан бошқа имкони йўқдир”.

Замонга келсак, замон ўз ўрнида турибди. Худди ўн аср илгари қуёш ва ой, осмондаги юлдузлар қандай ҳаракатда бўлса, бугун ҳам шундай ҳаракатда. Фақат биз инсонлар Аллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилиб яшамоқдамиз, холос. Ҳа, айнан биз ўз замонамизга, халқимизга, миллатимизга, тинчлигимизга, фаровонлигимизга ношукур бўлиб яшамоқдамиз. Бу иллатни улуғ бобомиз, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари беш аср муқаддам қуйидагича таърифлаб кетган эдилар:

         Вафосиздир замон аҳли, замонда не вафо бўлғай,

         Вафо аҳли булардин гар вафо истар, эрур нодон. 

Шундай экан, бугунги кунда ўз замонасига бевафолик қилаётган жоҳиллардан вафо, офият, яхшилик исташлик Навоийга кўра нодонликдан бошқа нарса эмасдир. Аллоҳ ҳаммамизни Ўзи азизу мукаррам қилсин, ҳидоят йўлидан адаштирмасин!

Манба: iiau.uz

Дин ишлари бўйича Матбуот хизмати