Мамлакатимизда “Дин ва қонун устуворлиги” мавзусида Ўзбекистон – Америка илмий-амалий семинари бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази ва АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда ЎзА мухбири америкалик экспертлар билан суҳбатлашди.

Кристен ЛУНДКВИСТ, АҚШ Глобал жалб қилиш институти маркази директори:

– Мана бир неча кунки Ўзбекистондаман. Ҳамкасбларим билан бирга юртингиздаги диний бағрингкенгликнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича ўрганишлар олиб боряпмиз. Биласизми, ватангиз, ундаги одамлар менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон жуда гўзал диёр.

Ташриф доирасида икки мамлакат дин соҳаси вакиллари иштирокида ташкил этилган мулоқотида қатнашаётганимдан мамнунман.

Ўзбекистон – Америка дин соҳаси вакиллари ўртасидаги мулоқот платформасида мен дин соҳасида аёллар етакчилиги борасидаги тадқиқотларим, хулосаларим билан ўртоқлашмоқдаман. Маълумки, Ғарбда аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашуви кучли. Тадқиқотларимда бу жарённинг дин ва қонун устуворлиги соҳаларида қандай таъсир кўрсатаётганини таҳлил қилинади.

Боб РОБЕРТС, «GlocalNet» дастури ҳаммуаллифи:

– Бугун халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни, хусусан дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф этмоқда. Биз семинарда айни йўналишдаги ишларнинг мазмун-моҳияти, умуман мамлакатингизда дин соҳасида тўпланган тажриба билан яқиндан танишиш имконига эга бўляпмиз. Шу билан бирга, ўз тажрибаларимиз билан ҳам ўртоқлашмоқдамиз.

Ана шундай тажрибалардан бири «GlocalNet» дастуридир. Мазкур дастур Америкада турли динлар ва конфессиялар учун электрон платформа вазифасини ўтаяпти. Бундан ташқари, «GlocalNet» кўмагида дин соҳаси вакилларини ўқитиш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Дастур доирасида турли маърифий-маънавий тадбирлар, хусусан, турли дин вакиллари ўртасида мулоқот, учрашувлар мунтазам ташкил этилади. «GlocalNet» тажрибаси ўзбекистонлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

 

Манба: uza.uz

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати