ПАРВАРДИГОР НЕЪМАТИГА ШУКРОНАЛИК ИЗҲОРИ

Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинки, бизни тўғри йўлда собитқадам қилиб, ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиб кўрсатиб қўйди. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам бизга ислом динини илму ирфон ва маърифатнинг асоси эканини тўлиқ етказиб кетдилар.

Аммо, таассуфки, ижтимоий тармоқларда айрим ҳақиқатни кўра олмайдиган ёки ҳақиқатга қасддан тош отадиган жоҳиллар хорижий мамлакатларда яшаб туриб, ўзбекистонликларга воизлик даъвосида ақл ўргатишга ҳаракат қилмоқда. Улар “Исломда ватан йўқ, исломда миллат йўқ”, деб аюҳаннос солиб, ўз даъвосини ўтказишга ҳаракат қилаётгани ҳар бир ватандошимизни ўйга толдираётгани ҳақиқат.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Луқмон сурасининг 19-оятида марҳамат қиладики:

إِنَّ أَنكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ

...Албатта овозларнинг энг ёқимсизи эшакнинг овозидир”.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, муаммоли бир даврда яшамоқдамиз ва бу жараёнлар бизнинг масъулиятимизни бир неча баробар оширади. Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек, аслида “Ҳар биримиз назоратчи ва ҳар биримиз масъулмиз”. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда тарғибот юритаётган айрим бузғунчи тоифаларнинг ўзини “олим” санаган мунофиқ воизларига бефарқ қараб тура олмаймиз. Аслида уларнинг қилмишлари куфрдан бошқа нарса эмас, чунки улар мусулмонларни кофирга чиқаришни шиор қилиб олишган, мусулмонни кофир, дейишнинг ўзи эса куфрдир.

Ана шундай мунофиқона ҳаракатлардан бири — бу ватандошларимиз томонидан турли тадбирларда Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясини кўйлашни жоиз эмас, деб фикрни билдиргани ўз давлати ва халқини севувчи барча юртдошимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Бу фикрни у ширкка тўла гап деб, ўз даъвосини мадҳиядан бир неча қатор сўзларни бузиб талқин қилиш орқали асосламоқчи бўлибди.

Эътибор беринг, саводсизликни қарангки, унинг фикрича, Ислом динида “Ватан”, “Миллат”, деган тушунчалар йўқ эмиш. Инсонлар фақат динига қараб бўлинар экан. Барча Иброҳим алайҳиссалом миллатида, ҳар ким ўз миллатини улуғлаши ва, хусусан, шу мазмундаги ватани мадҳиясини айтиши ножоиз эмиш.

Тўғриси, дин борасидаги бу даражада билимсизликни ҳеч бир сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Лекин барча муаммо шундаки, бу каби аҳмоқона фикр билдирувчиларга эътибор қаратадиганлар ҳам йўқ эмас-да. Хўш, унинг бу асоссиз гапларида қанчалик жон бор ўзи? Ўзича оят ва ҳадислардан келтирган далиллари нечоғлик асосли?

Очиғи, бундай бесавод кимсалар ўзидан баттар бесаводларнинг ҳам  бошини айлантираётгани энг  ачинарли ҳолатдир.

Аввало, “Ватан” ва “Миллат” тушунчаларига аниқлик киритиб олайлик. Ислом динида “Ватан” тушунчаси борми ёки йўқми?

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тавба сураси 25-оятида марҳамат қилади:

لَقَدْ نَصَرَكُمُ اللّهُ فِي مَوَاطِنَ كَثِيرَةٍ

Аллоҳ сизларга кўплаб ўлкаларда нусрат берди...

Ушбу оятда “ўлка”, деб таржима қилинган сўз араб тилида “мавотин” (مواطن)   шаклида келган бўлиб, “Ватан” сўзи ҳам шу ўзакка бориб тақалади. Қуръони каримда бошқа ўринларда “шаҳар давлатлар”, маъносидаги “билод” сўзи ҳам келади. Хуллас, Аллоҳ таоло Каломида биз бандаларга Ер юзи яхлит бўлгани ҳолда унда бир неча юртлар ва ўлкалар бўлиши табиий эканини айтиб ўтган. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Боз устига Қуръони каримда Ҳижр, Рум, Сабо, Аҳқоф каби жой номлари билан аталган суралар борки, бу сураларда уларнинг аҳолиси ўз ватанларига нисбат бериб, “ҳижрликлар”, “румликлар”, “саболиклар”, “аҳқофликлар”, деб таърифланган. Бизда “қумтепалар”, деб таржима қилинаётган “Аҳқоф” аслида Арабистон яриморолидаги жой номидир.

Демак, тўлиқ ишонч билан айта оламизки, Аллоҳ бандаларини хоҳ осий, хоҳ гуноҳкор бўлсин, улар ватанларига нисбат бериб ҳам атаган. Бу — ушбу халқларнинг ватанлари бўлиши жоизлигининг Қуръоний эътирофи эмасми! Йўқса, нега Рум сурасининг 1-оятида румликларнинг форсларга мағлуб бўлиши “Румликлар мағлуб бўлдилар”, дейилган? Инсонлар фақат динига қараб бўлинса, “Насронийлар мажусийларга мағлуб бўлдилар”, дейилган бўлмасмиди?

Турли тилларда сўзлашувчи ирқ, миллат ва элатларнинг мавжудлиги ҳам Аллоҳнинг хоҳиши ва, албатта, тенгсиз мўъжизасидир. Инсонларни турфа хил қилиб яратган Аллоҳ эмасми? Қуръонда ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабилалари “Қурайш” номи алоҳида зикр этилган. Шунингдек, араблар, ибронийлар ва ажамлар, уларнинг тиллари ҳақида сўз юритилган.

Қуръони каримнинг Анкабут сураси 22-оятида шундай дейилади:

 وَمِنْ آيَاتِهِ خَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافُ أَلْسِنَتِكُمْ وَأَلْوَانِكُمْ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّلْعَالِمِينَ

Осмонлар ва Ернинг яратилиши, тилларингизнинг ва ранг-рўйларингизнинг турфа хиллиги Унинг оят-мўъжизаларидан биридир. Албатта, бунда оламлар учун оят-белгилар бор”.

Демак, турли миллатларнинг борлиги — бу Аллоҳнинг иродаси, уларни борлигини инкор қилиш эса Аллоҳнинг хоҳишига қарши чиқиш, унга қарши исён бўлади.

Яна бир нарсани унутмайлик, “Миллат” сўзи араб тилидан қабул қилинган бўлса-да, арабларнинг ўзи уни бу маънода қўлламайди. Араблар “Миллат”, деганда динни тушунади, биз айтаётган миллатни эса улар “жинсийят”, сўзи билан ифодалайди. Шунинг учун “Иброҳим миллати”, деган ибора биз ҳозир тушунаётган “миллат”ни эмас, балки Иброҳим алайҳиссалом динини англатади. Шу сабабли ушбу жоҳил воизнинг “Иброҳим миллатидан бошқа миллат йўқ”, деган гапи ё ўта саводсизлик, ёки атай тил билмайдиган кишиларни адаштириш мақсадида оятларни бузиб талқин қилишидир.

Энди давлат мадҳиясининг баъзи матнидаги иқтибосларга келсак, ушбу “воиз”нинг айтишича, мадҳиядаги “...элга бахт-нажот” ташбеҳи — ширк, эмиш. “Инсонга бахт-нажотни Аллоҳ беради, ватани эмас”, дейди.

Хўш, мадҳияда келтирилган жумлада “...бахт-нажотни” Аллоҳ беришини инкор қилувчи бирор гап борми? Асло йўқ! Бу сатрда бахт ва нажотни Ватан беради, дейилмаяпти-ку. Шу серқуёш Ватаннинг ўзи Аллоҳ томонидан элга инъом қилинган бахт ва нажот, дейилмоқда. Бу сўзларда шукроналик, Аллоҳнинг неъматини эътироф этиш бор.

Энди “ширк”, деб даъво қилинаётган иккинчи жумлага эътибор қаратайлик. Ўша сохта даъвода айтилишича, “Сен ўзинг дўстларга йўлдош меҳрибон”, деган жумлада ҳам “ширк” бор эмиш. Унинг билдиришча, Аллоҳдан бошқасига “йўлдош”, деган сифатни ишлатиб бўлмас эмиш. Бу “йўлдошлик” яъни “маъийят” Аллоҳнинг сифати экан.

Шунчалик ҳам илмсизлик, мантиқсизлик бўладими? Ахир йўлдош сўзи аслида ҳаммамизга маълум “йўл” сўзи ва “дош” қўшимчасидан вужудга келган ўзбекча сўз бўлиб, уни араб тили ёки ислом ақидасига мутлақо алоқаси йўқ! Боз устига бу сифатни Аллоҳга нисбатан қўллашнинг ўзи нотўғри – Аллоҳ йўлда ҳам юрмайди, йўлга муҳтож ҳам эмас. Аллоҳда йўлдошлик сифати, бор деган одамнинг ўзи ақидаси бузуқ, ширкка етакловчи одам бўлади(!).

Энди “маъийят” масаласига келсак, бунда ҳам ғирт омилик, илмсизлик намоён. Аслида, “маъийят” йўлдошликни эмас, “биргалик”ни англатади. Тил нуқтаи назаридан, “маъийят” исталганча ишлатилиши мумкин. Бунга Қуръони каримда ҳам мисоллар кўп. Мисол учун Мулк сурасининг 28-оятида Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга буюради:

قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِنْ أَهْلَكَنِيَ اللَّهُ وَمَن مَّعِيَ أَوْ رَحِمَنَا

Айт: “Ўйлайсизларки, агар Аллоҳ мен ва мен билан биргаларни ҳалок қилса ёки раҳм қилса...

Агар бу сўз ширк бўлса, Аллоҳ Пайғамбарига шу сўзни ўзига нисбатан ишлатишни буюрган бўлармиди? Қани қатъий далил, қани мантиқ, бу даъволарда? Мана шунақа “чаламулла”ларнинг гапини тасдиқлайдиган кимса жоҳил бўлмай, ким жоҳил бўлади?! Буларнинг асл башараси ва тубан савиясини кўрсатиб қўйиш аслида айни савоб.

Энди бу “чаламулла”нинг ширк, деб келтираётган учинчи жумласи, умуман, ҳеч қайси чегарага сиғмайди. Нима эмиш, мадҳияда “аждодлар руҳи мададкор”, деган сатр бор эмиш. Бу ўринда энди очиқдан-очиқ туҳматга ўтиб кетилган. Шунчалик ҳам пасткашлик бўладими? Мадҳиянинг матнида “Аждодлар мардона руҳи сенга ёр” дейилган, мададкор эмас. Мазкур жумлада “мардона” сифати “Аждодлар”га тегишли бўлиб, шеъриятдаги инверсия қоидасига кўра, сўзлар ўрин алмашган. Яъни “Мардона аждодларнинг руҳи сенга ёр”. Бу жумланинг қаерида руҳ мадад беради ёки мададкор, деган сўз бор экан? Бу ерда қўлланилган “ёр” сўзининг келиб чиқиши форсча, маъноси эса боғлиқлик бўлиб, мутлақо ширк маъносини англатмайди. Балки, аждодларнинг руҳлари тирикларга мунтазир бўлиб туриши ҳадиси шарифларда келган. Имом Аҳмад ривоят қилган мана бу ҳадисга эътибор қаратайлик:

إن أعمال الأحياء تعرض على أقربائهم من الموتى. إن كانت خيراً استبشروا بها، وإن كانت غير ذلك قالوا: اللهم اهدهم كما هديتنا، لا تمتهم حتى أن تهديهم كما هديتنا.

Албатта, тирикларнинг қилмишлари ўлган яқинларига кўрсатилади. Агар бу ишлар яхши бўлса, ундан хурсанд бўладилар. Агар бундай бўлмаса: “Аллоҳим, уларни бизларни ҳидоят қилганингдек ҳидоят қил, бизларни ҳидоят қилганингдек ҳидоят қилмай туриб уларни ўлдирма” – дейдилар”.

Ушбу келтирилган ҳадисдан кўриниб турибдики, Пайғамбар алайҳиссалом ўтганларнинг руҳи ўз яқинларига, жумладан, авлодларига боғлиқликни сақлаб қолади, уларнинг қилаётган яхши амалларидан хушнуд бўлади, уларнинг ҳаққига ҳидоят тилаб дуо қиладилар. Бу сўзларни тасдиқловчи бошқа кўплаб ҳадислар ҳам бор. Хусусан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда “Албатта, ўлик ўз аҳлининг йиғисидан қийналади”, дейилган. Яъни биз қилаётган ишларимиз ўтиб кетган аждодларимиз руҳини хурсанд қилиши ёки безовта қилиши ақидада бор нарса экан. Демак, аждодларнинг руҳи ёр бўлишини эътироф этишда бирорта ширк аломати йўқ.

Яна, қайтариб айтамиз, мадҳияда “руҳи мададкор”, деган сўз йўқ. Бу туҳматидан бошқа нарса эмас.

Энди бу жоҳилнинг ўзи гапираётган гапларидан чиқараётган хулосалари ҳаммасидан ўтиб тушади. Нима эмиш, мадҳия айтиш ножоиз, агар уни айтишга мажбур бўлинаётган бўлса, у ердан “ҳижрат” қилиб чиқиб кетиш керак эмиш.

Бундай телбанамо “фатво” қайси аҳмоқнинг калласидан чиқиши мумкин? Пайғамбаримиз ва илк мусулмонларнинг ҳаётларига назар ташлайлик. Уларнинг динларига тажовуз бўлиб турганида ҳам Маккани ташлаб чиқиб кетмаганлар. Макка мушриклари мусулмонларнинг моллари ва жонларига очиқдан-очиқ тажовуз қила бошлаганларида дастлаб Ҳабашистонга, сўнгра Ясрибга ҳижрат қилишга изн берилди. Шунда ҳам Пайғамбар алайҳиссалом биринчи бўлиб Маккани тарк этмадилар. У зот ҳаммадан кейин, мусулмонларнинг кетишга ҳоли борлари Ясрибга бориб ўрнашиб бўлганларидан кейингина ҳижрат қилдилар. Бу ҳижрат ҳам айни мушриклар у зотга суиқасд уюштириш арафасида турганларида содир бўлади. Яъни эътибор берилса, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, саҳобийлар ҳам очиқ-ойдин ўлим хавфи бўлгандагина ҳижрат қилганлар. Айримларга ўхшаб, арзимас сабаб билан юртни ташлаб қочиб кетаверишмаган(!).

Бу жоҳилнинг яна бир даъвосича, Пайғамбар алайҳиссалом Маккани, яъни ўз ватанларини севганлари билан, унга қарши ўн уч йил уруш қилган эмишлар. Ажабо, бирорта сийрат китобида, бирорта саҳиҳ ҳадисда келмаган гапни гапириб Пайғамбаримизга туҳмат қилишга журъатни қаранг!

Пайғамбаримиз Макка мушриклари билан на Бадр, на Ухуд, на Хандақ жангларида Маккага қарши жанг қилмаганлар, балки мушрикларнинг тажовузини қайтарганлар. Мудофаа учун қилинган жангларни қарши уруш, деб қайси ноинсоф айтиши мумкин. Бу барча ҳадисларда ўз аксини топган. Фатҳ куни маккаликлар таслим бўлиши ҳам бир кун олдин Абу Суфён билан келишиб олинган, эртаси куни рамзий маънодагина шаҳарга кириб келинган. Очиқчасига қаршилик кўрсатмаган бирорта одамга тегилмагани, барча ўтган ишлар кечириб юборилгани ҳаммага маълум(!). Яна нима керак? Бу далиллар юқоридаги каби бўҳтон тўқиган кишининг ўта ёлғончи, каззоб эканига етарли далил эмасми(!)?

Яна бундай кимсалар ҳижратни баҳона қилиб, чет элга қочиб, ўзига ўхшаган нодонларни уруш ўчоғларида жанг қилишга даъват қилади. Айтаётган даъватларига ўзлари ҳам ишонмайди. Йўқса, биринчи бўлиб ўзи бормасмиди ўша уруш ўчоқларига? Нега, ўзи биринчи сафга чиқиб “шаҳид” бўлиб кета қолмайди? Чунки айтаётган гапига ўзи ишонмайди. Содда, ғўр ёшларни тузоққа илинтириб, бегона юртларда номаълум мақсадлар учун ўлиб кетишига чорлаб яшаяпти, бундай инсофсиз ва чиркин кимсалар(!).

Шунинг учун, айрим алданиб юрганларнинг кўзини каттароқ очиш вақти келди. Огоҳ бўлинг, дажжол даъватчиларнинг макру хийласига алданманг!!! Аллоҳ тақдир қилган Ватанингиз учун, сизни шулар ичида яратган миллатингиз учун астойдил савоб умидида хизмат қилинг, фахр билан юртингизни мадҳ этинг. Зеро, бу юрт сизга Парвардигорнинг инъоми, давлат мадҳияси эса ушбу неъматга шукроналик изҳоридир!

 

Манба: Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази

Дин ишлари бўйича

Матбуот хизмати

Кабул кунлари

Пайшанба 15:00 дан 17:00 гача

Ишонч телефон

+99871 239-17-63

Регламент


Ягона телефон

+99871 200-58-88

Регламент


Ягона ишонч телефони кун тартиби: Душанба-Жума 9:00 дан 18:00 гача

Архив

Воқеалар

Ду Се Чо Па Жм Шн Як