Дарҳақиқат, мусулмоннинг марҳумлар ҳақига Қуръон тиловат қилиши баъзилар даво қилаётганидек, асло, ҳаром ёки бидъат эмас. Зеро, бунинг ҳаром ёки бидъат эканлигига на Қуръони каримда, на ҳадисларда, ва на мазҳаб имомлари фатволарида очиқ шаръий далил йўқ.

Шу боис бугунги кунда баъзи тоифалар ўзларидан олдин ўтган салаф солиҳлар томонидан ҳаром қилинмаган амални қандай қилиб ҳаромга чиқиришга журъат қилмоқда?

Шуни таъкидлаш лозимки, олимлар бу мавзуда раддия беришдан аввал ушбу мавзу ихтлофли масала эканлигини, шу билан бирга унга рухсат берган уламолар борлигини ҳам эътироф этишган.

Қуйида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳамда саҳобаларнинг сўзлари ва мазҳаб имомлари фатволари асосида мазкур амалнинг жоиз эканига далиллар келтирамиз:

Ҳадислардан:

1.               Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ўликларинга Ёсин сурасини ўқинглар”. [1]

2.               Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр олдидан ўтдилар ва уларга қараб: “бу икки қабр соҳиблари азобланмоқдалар, аммо улар катта гуноҳлар туфайли азобланмаяптилар, балки (ҳаётлик чоғида) уларнинг бири чақимчилик қилар, иккинчиси эса бавлдан эҳтиёт бўлмас эди”, дедилар, сўнг бир ҳўл навда келтиришни бюрдилар-да уни иккига бўлиб икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар ва: “Шоядки бу (ҳўл навда) иккисидан (азобни) енгиллатса” дедилар.

Уламолар ушбу ҳадисдан хулоса қилиб, бир ҳўл новда-ки ўзига хос бўлган тасбеҳи билан маййитга нафи тегса, Аллоҳнинг азалий ва абадий ва ўзининг сифати бўлган сўзлари, яъни Қуръони карим қандай наф қилмасин, дейдилар.

Имом Нававий эса: “Уламолар ушбу ҳадисга биноан қабр олдида Қуръон тиловат қилиш мустаҳаб амалдир, чунки хурмонинг бир ҳўл новдаси тасбеҳидан азоб енгиллаши умид қилиб турилганда Қуръон тиловатидан азоб енгилашиши умидлироқдир, деганлар, деди. [2]

Саҳобаларнинг сўзларидан:

1.               Имом Нававий: “Бизга Имом Баҳақийнинг “Сунан” асарларида ҳасан иснод билан ривоят қилинади, дарҳақиқат қабрнинг тепасида дафн маросимидан кейин Бақара сурасининг аввали ва охири қироат қилишни Ибн Умар мустаҳаб санаганлар”. [3]

Мазҳаб имомлари фатволаридан.

1.               Моликий мазҳаби фақиҳларидан Шайх Аҳмад Ад-Дардийр “аш-Шарҳ ал-кабир” асарида шундай деган: “Мутааххир олимлар Қуръон қироати ва зикрнинг савобини маййитга бағишлашнинг зарари йўқ, деганлар. Инша Аллоҳ, маййитда савоб ҳосил бўлади. Бу солиҳларнинг мазҳабидир”. [4]

2.               Имом Аҳмаднинг шогирдларидан бири ҳанбалий мазҳаби олими Муҳаммад ибн Аҳмад Марварузий шундай ривоя қилади: “Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шундай деганини эшитдим: “Қабристонга кирсангиз, “Оят ал-Курсий”ни ўқинг ва “Ихлос” сурасини ҳам уч марта ўқиб: “Аллоҳим! Бунинг фазли (савоби)ни ушбу қабристон аҳлига етказгин”, денглар”. [5]

3.               Ҳанафий олимлардан Зайлаъий “Бировнинг номидан Ҳаж қилиш” бобида қуйидагиларни ёзади: “Бу бобдаги асл қоида шуки, аҳли суннанинг наздида инсон ўз амалининг савобини бировга бағишлаши жоиздир. Намоз, рўза, ҳаж, садақа, Қуръон тиловати, зикрлар ёки бошқа шу каби яхши амалларнинг савоби маййитга етиб боради ва фойда келтиради”. [6]

4.               Шофеъий олимларидан Имом Нававий шундай ёзади: “Қабрни зиёрат қилувчи учун билганича Қуръон ўқиши ва қироатдан сўнг қабр аҳлига дуо қилиши мустаҳабдир. Имом Шофеъий ҳам шу фикрни айтган ва у зотнинг шогирдлари ҳам шунга иттифоқ қилганлар”. [7]

 

1.               Имом Аҳмад (5\26,27), Имом Ал-Бухорий “Ат-Тарих Ал-Кабир” (8\57), Абу Довуд (3\188\3121),
2.               Ибн Можа (1\465-466\1448)
3.               Саҳиҳ Муслим шархи. (3\202)
4.               Имом Ан-Нававий «Ал-Азкор” . б.
5.               Аҳмад Дардир. Аш-Шарҳ ал-кабир. 1/423.
6.               Марварузий. Китаб ал-мақсад ал-аршад. 2/338-339.
7.               Зайлаъий. Табйин ал-ҳақоиқ – Шарҳ Канз ад-дақоиқ. 2/83.
8.               Зубайдий. Шарҳ ал-Иҳё. 10/369-370.

 

 

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси

Манбалар хазинаси бўлими

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

 

@dinqumita | religions.uz