Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон халқ шоири, драматург, “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли ижодкор Усмон Азим билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда адибнинг ижодини доимий равишда кузатиб бораётган мухлислари иштирок этди.

Тадбир аввалида академиянинг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Ш.Акмалов сўзга чиқиб, шоирнинг ҳаёти ва ижод йўлига тўхталиб ўтар экан, ижодкорнинг халқимиз маънавияти, бой ўтмиши ва она Ватанимиз табиати, унга меҳр-муҳаббати ҳамда давлатимизнинг ёрқин истиқболига ишончи бадиий ифодаланган шеърлари хусусида фикр юритиб, ижодига янада парвоз тилади.

Маълумки, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Газа” қишоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон радиоси Адабий-драматик эшиттиришлар Бош муҳарририятида (1976–1988), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1988–1989), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида (1991–1994), “Савдогар” газетасида (1995–1999) турли вазифаларда ишлади. 2003 йилдан ҳозирга қадар Ўзбек Миллий академик драма театрида адабий бўлим мудири вазифасида хизмат қилиб келмоқда.

Ижодкорнинг 1979 йилда чоп этилган “Инсонни тушуниш” илк шеърий китоби билан адабий жамоатчилик эътиборини қозонди. Шундан сўнг, “Ҳолат” (1979), “Оқибат” (1980), “Кўзгу” (1983), “Сурат парчалари”, “Дарс” (1985), “Иккинчи апрель” (1987), “Бахшиёна” (1989), “Ғаройиб аждарҳо” (1990), “Уйғониш азоби” (1991), “Ғусса”, “Узун тун” (1994), “Бор экан-да, йўқ экан” (1995), “Куз” (2001), “Фонус” (2007), “Юрак” (2009) каби шеърий китоблари, “Жоду” (2003) насрий тўплами, “Адибнинг умри” (2011), “Жимлик” (2012) драматик асарлари босилди. Адибнинг “Сайланма”си (1995) ҳамда қатор шеърий китоблари адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. “Куз” ва бошқа ўнлаб тўпламларига кирган шеърлар, достонлар ифодаларга бойлиги, жўшқин ва жозибадорлиги, гоҳ шодон, гоҳ маҳзун оҳанглари билан китобхон қалбидан жой эгаллаган.

Усмон Азим моҳир таржимон ҳамдир. У ўнлаб хорижлик шоирларнинг ижодидан намуналарни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган. Ўз навбатида, унинг шеърлари ҳам француз, немис, инглис, поляк, эстон, грузин, македон, литва, турк, тожик, рус, қозоқ, қирғис ва кўплаб бошқа тилларга таржима қилинган. Кўплаб шеърлари таниқли ҳофис ва хонандалар томонидан кўйга солиниб, ижро этиб келинган.

Адиб ижодининг илк даврида радиодраматургияда (“Бахтли бўлайлик”, “Ҳужжатли фильм учун сюжет”, “Баҳодир ва малика” пьесалари) ўзини синаб кўрган шоир, кейинги йилларда драма жанрига қўл урди. “Кундузсиз кечалар” (1998), “Алпомишнинг қайтиши” (2000), “Бир қадам йўл” (2002), “Ўтган замон ҳангомалари” (2003), “Адибнинг умри” (2005) номли пьесалари саҳналаштирилди. Миллий театримиз саҳнасида қўйилган “Кундузсиз кечалар” спектакли Андижонда ўтган халқаро театр фестивалида “Энг яхши спектакл” номинациясига сазовор бўлган.

Учрашувда адиб ўзининг тўплаган катта ҳаётий тажрибалари ҳамда эгаллаган илмларини талаба-ёшлар билан ўртоқлашар экан, нафақат шеъриятда, балки қатор соҳаларда ҳам юқори марраларга эга бўлиш мумкин эканини қайд этди.

— Ҳар бир сўзда сир бор. Биз эса ана шу сўзлардан фойдаланаётганда доимо ҳушёр бўлишимиз керак, — дейди шоир. — Турли сўзларни бир бирига қориштириб юбориш ярамайди. Сиз хоҳ иқтисодчи бўлинг, хоҳ бошқа соҳа вакили бўлинг ўзингиз танлаган йўналишингизда шахс, олим сифатида ривожланишингиз учун ҳам ўз сўзингиз ва нутқингизга эътиборли бўлишингиз лозим.

Тадбир давомида талаба-ёшлар ва шоир ижодига катта қизиқиш билдирган мухлислар адибнинг ижод оламига кириб келиши, устозлари, болалик йиллари, сермашаққат ижоди хусусидаги саволлар билан шоирга юзландилар. Шунингдек, академия устоз-мураббийлари 70 ёшни қаршилаш арафасида турган ижодкор ҳаёти ва ижодига муваффақият тилашиб, эсдалик совғаларини топширишди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

 

@dinqumita | religions.uz