Маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш — кечиктириб бўлмайдиган масала
“Яна бир инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат борки, фуқароларда ҳам ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳисси шаклланиши керак. Ана шундагина кўзлаган мақсадларга эришиб, олдимизга қўйилган вазифаларнинг тўлиқ уддасидан чиқамиз. Бу жараёнда кучли ва таъсирчан жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёсдир”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ

Пойтахтимизда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзуида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мазкур тадбирда маҳаллалар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашаётгани, фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида нуфузи тобора ошиб, аҳолининг энг яқин кўмакчисига айланиб бораётгани, шунингдек, маҳалла ва оилалар билан боғлиқ тезликда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Бу эса ушбу масалаларга алоқадор бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари кучини бирлаштиришни тақозо этди.
Тадбирда ҳамкор ташкилотлар томонидан қабул қилинган Мурожаатнома ана шу ҳаётий зарурат туфайли ишлаб чиқилди.
Унда жумладан шундай сўзлар баён этилган: “Нега айрим оилаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик йўқолиб, ўзаро муносабатларга манфаат, тама қўшилаётир? Нега ўз боласининг тарбиясига лоқайд ота-оналар кўпайиб бораётганига индамай қараб турибмиз?! Ахир, Ватан келажаги — фарзандлар тарбияси, камолига боғлиқ эмасми?
Бизда азалдан ота адолатли фикри, ҳақ сўзи, ибрати билан оиланинг устуни, виждони бўлиб келган. Бежиз халқимиз  “Ота рози — худо рози” демаган. Бугун айрим оилаларда оталар ўрни, ҳикмати сезилмаяпти. Оилавий муносабатларда маънавий-ахлоқий мувозанатнинг бузилаётгани, оилавий ажрашишлар, жиноятлар, мулкий можаролар кўпайиб бораётгани ҳаммамизни ташвишлантиради”.
Мурожаатнома маҳаллалар ва оилаларда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли иллатларга барҳам бериш, оилавий ажрашишлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ва бошқа долзарб масалаларда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга йўналтирилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Анжуманда маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг Ҳамкорлик дастури тасдиқланди.
Дастур маҳаллалар ва оилаларда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш билан боғлиқ 7 та йўналишни қамраб олган бўлиб, бирон масала эътибордан четда қолмаган.
Хусусан, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида “Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг!” мавзуида давра суҳбатлари ўтказилади, суд ва ФҲДЁ органи биноларида “Оила бурчаклари”ни ташкил этилади. Хотин-қизлар иштирокида турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Ўз навбатида, дастурда аҳолининг маънавий тушунчаларини бойитиш, миллий-ахлоқий ва ҳуқуқий тарбиясини, бой адабий меросимизга бўлган меҳрини шакллантиришда маҳалла институтининг ролини янада ошириш, хусусан, тўй ва бошқа оилавий маросимларни ихчам ва камхарж ўтказиш масаласига жиддий эътибор қаратилган. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда кенг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик қилмасдан туриб, халқ ичига чуқур кириб бориш амримаҳол. Шундан келиб чиқиб, дастур доирасида  “Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қилувчи тузилма” танловини ўтказиш белгиланган. Якунда эса фаол жамоат ташкилотларининг тажрибаси кенг оммалаштирилади.
Тадбирда Мурожаатнома ва Ҳамкорлик дастурининг мазмун-моҳияти ва бугунги кундаги аҳамияти атрофлича тушунтирилди.
Шавкат ЖАВЛОНОВ, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари:
— Бугун замон биздан маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш масаласига чуқур илмий ёндашувни, муаммо ечимида инновацион усулларни қўллашни, соҳада илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан амалий ҳамкорликда иш олиб боришни талаб этмоқда. Шундагина нотинч ва низоли оилалар муаммоларини ҳал этиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оила мезонлари, “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишимиз мумкин бўлади. Ушбу йўналишларда йиллар давомида йиғилиб қолган қатор муаммолар ҳам борки, улар барчамизни ташвишга солиши табиийдир.
Кучларимизни бирлаштиришмасдан туриб уларни бартараф этиш сира мумкин эмас. Шу мақсадда Ҳамкорлик дастури қабул қилинди. Муҳими, унда маънавий-маърифий тадбирларни Республика — вилоят — туман —маҳалла даражасида аниқ ижро этиш механизмлари белгилаб берилган.
Зеро, барчамиз ҳаётимизда учраётган айрим камчилик ва муаммоларни биргаликда ҳал қилсак, салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган имконият ва ҳаракатларимизни бирлаштирсак, маҳалламиз ва юртимиз тинч, турмушимиз эса янада фаровон бўлади.
Дастур доирасида:
* Аҳолининг маънавий-маърифий дунёқарашини кенгайтириш ва китобхонлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
* Тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш орқали оилалар ҳамда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш чоралари кўрилади.
Элмира БОСИТХОНОВА, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:
— Яқингача барча жамоат ташкилоти ўз низоми, фаолият йўналишидан келиб чиқиб, алоҳида иш олиб борар, бу ўз натижасини камроқ бераётганди.  Ҳатто, шундай бир тенденция шакллангандики, жамоат ташкилотлари замон олдимизга қўйган бирон масала ечимига жавоб топишда “Бу менинг вазифам доирасига кирмайди”, “Бу билан фалон ташкилот шуғулланиши керак”, “Нега мен?!” деган ёндашув ҳамда қарашлар ҳукмрон бўлиб келди. Бугунга келиб аён бўлдики, бундай ёндашув хатолигини ҳамда эндиликда биргаликда ҳаракат қилиши зарурлигини замоннинг ўзи долзарб вазифа қилиб олдимизга қўйди.
Ушбу ҳаётий зарурат меваси бўлган Ҳамкорлик дастури биздан нимани талаб этади?
Унда кўзда тутилган барча вазифалар қаторида, хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш йўналишидаги фаолиятимизни янада кучайтириш зарурлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Дастур асосида:
* “Аёл маънавияти” мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказамиз.
* Қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, касбга ўргатиш, бандлигини таъминлашга қаратилган “Маърифатли қизнинг қадами қутлуғ келур” акциясига бош-қош бўламиз.
* Тўй ва маросимларни ихчам, тартибли ўтказиш бўйича хотин-қизлар ўртасида жамоатчилик муҳокамаси, маслаҳатлашув ва давра суҳбатлари ташкил этилади.
Минҳожиддин ХОЖИМАТОВ: Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари:
— Давлатимиз раҳбари айтганларидек, бугун жамоатчилик уйғониши ва ислоҳотлар жараёнида фаоллашиши ҳар қачонгидан муҳим. Нега шундай? Сир эмас, ҳозирги глобаллашув даврида инсоният катта синовни бошдан кечиряпти. Замонавий илм-фан ва технологиялар имкониятидан баҳраманд бўлганимиз ҳолда, ёмон иллатлар оиламизга, онгу шууримизга кириб келиб, чалкашликларни келтириб чиқармоқда. Бу таҳдиддан, айниқса, ёшларимиз кўп азият чекмоқдалар.
Шундай вазиятда жаҳоний таҳдиддан сақланишнинг бирдан-бир йўли бу, албатта, маърифатдир. Фарзандларимизни маънавиятли қилиб тарбиялаш фақатгина мактаб, маҳалла ёки оиланинг иши эмас, у умумхалқ вазифасидир, десак айни ҳақиқатдир.
Ҳамкорлик дастури шундай бир шароитда ишлаб чиқилганлиги билан жуда аҳамиятлидир.
Унга биноан:
* Маънавий-маърифий тадбирларни изчил ташкил этиш, уларнинг таъсирчанлигини ошириш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш ва юртдошларимизда ёмон иллатларга нисбатан муросасизликни шакллантиришга катта эътибор берилади.
Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор:
— Оила — мўъжаз ватан, демак, фарзандларимиз бу муқаддас маъвода ўсиб-улғайиши, илм чўққиларини эгаллаши, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб тарбияланиши лозим. Бундай фарзандлар ҳар қандай вазиятда ҳам аҳд-паймонида қатъий туради, эл-юрт фаровонлиги йўлида садоқат билан меҳнат қилади. Модомики, фарзандларимиз етук инсонлар бўлишини истар эканмиз, улар намунали оилада камол топиши ҳақида қайғуришимиз айни заруратдир.
Табиийки, Ҳамкорлик дастурида кўзда тутилган вазифаларнинг барчаси бевосита бизга ҳам тааллуқли. Биргаликда ҳаракат қилсак, албатта, натижага эришамиз.
Ҳамкорлик дастури асосида:
* “Оила ва жамият фаровонлиги — тараққиёт омили” мавзуида учрашувлар ташкил этилади.
* “Оилаларда тотувликка эришамиз!” шиори остида “Маслаҳат” акцияси уюштирилади.
Алишер САЪДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси:
— Бугун ёшларимизнинг эришаётган ютуқ ва марраларини кўриб, бирдек қувонамиз. Айниқса, спорт ва илм-фан бобидаги муваффақиятлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Аммо шунга қарамай, ёш авлод тарбияси билан боғлиқ муаммолар ҳам кўзга ташланаётир. Хусусан, оилавий ажрашишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кўпайиши, миллий урф-одат ва қадриятларга бўлган ҳурматсизликнинг кучайиши, алдамчи ғоялар кетидан эргашиб кетиш ҳолатлари ортгани барчани ҳушёрликка чоғлади. Ана шу ҳаётий зарурат боис Мурожаатнома ва Ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилдики, улар маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш орқали ёшларни Ватанга садоқатли инсонлар қилиб камолга етказишда муҳим аҳамият касб этишига ишонамиз.
Мазкур йўналишда:
* Мактабларнинг ўқувчилари ўртасида “Маҳалла менинг тақдиримда” кўрик-танлови уюштирилади.
* Ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида маданий-маърифий тадбирларга кенг урғу берилади.
Шуҳрат ЖАЛИЛОВ, “Нуроний” жамғармаси раиси:
— Юртимизда кекса авлод вакилларига бўлган ҳурмат ва эътибор кўлами шунчалик кенгки, уларни санаб ўтишнинг ўзига кўп вақт кетади. Мисол учун, жорий йилдан эътиборан октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” сифатида белгиланди ва унинг доирасида кўп эзгу ишлар рўёбга чиқарилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурига кўра, кекса авлод вакилларининг тарихий шаҳар ва зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилмоқда. Яна қанчадан-қанча эзгу амаллар қилинаётир...
Хўш, биз, нуронийлар ана шу ғамхўрликка қандай жавоб беряпмиз?
Бугунги тезкор ва глобаллашув даври ёшлар тарбиясига янада ҳушёрлик ва огоҳлик билан ёндашишни, маънавий-маърифий жараёнларда табаррук ёшдаги инсонларнинг тажрибаси, йўл-йўриқлари, насиҳатларидан унумли фойдаланишни тақозо этмоқда. Ҳамкорлик дастури асосида ушбу йўналишда ҳам қатор ишлар амалга оширилади.
Жумладан,
* Нуронийлар ҳамда пенсиядаги ҳарбий хизматчилар иштирокида мактабларда “Кексалар маърифати” мавзуда тадбирлар ўтказилади.
Умуман, Мурожаатнома ва Ҳамкорлик дастури оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш орқали жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит қарор топишига,  пировардида аҳолининг ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
(“Халқ сўзи”)