Жорий йилнинг 25-27 октябрь кунлари Туркиянинг Кония шаҳрида “Салжуқийлар тарихи жўғрофияси: Сурия, Ироқ, Фаластин” мавзусида халқаро симпозиум ўтказилмоқда. Унда 15 мамлакатдан жами 67 нафар соҳанинг мутахассис олимлари иштирок этмоқда. Жумладан, Германия, Австрия, Голландия, Россия, Исроил, Миср, Ироқ, Баҳрайн, Ўзбекистон ва бошқалар.

      Симпозиумда Туркиянинг Салжуқ тарихий жўғрофияси халқаро симпозиуми раҳбари проф.др. А.Чайчининг таклифига биноан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов иштирок этмоқда. Тадбирда М.Комилов “Мовароуннаҳр фақиҳларининг салжуқийлар мадрасаларидаги фаолиятлари” (Алоуддин ал-Косонийнинг Суриядаги ал-Ҳалавия олий мадрасасининг бош мударриси сифатида олиб борган фаолияти ҳақида) мавзусидаги ўз маърузаси билан қатнашди ва анжуман доирасида ташкил этилган “Ислом маданияти, битиклари ва осори-атиқалари” номли махсус кўргазмада ҳам иштирок этди.

        Маълумки, аллома аждодимиз Алоуддин ал-Косоний ўрта асрларда Суриядаги ал-Ҳалавия олий мадрасасининг бош мударриси сифатида фаолият олиб борган. Бу даврга келиб бу диёрларда алломани “малик ал-уламо” (уламолар подшоҳи) номи билан аташарди. Ал-Косонийнинг “Бадоъи ас-саноъи” асари эса ўша даврларда Яқин Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат қозонди.

        Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга келиб мутафаккир бобомизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганишга катта имконият ва шароитлар яратилмоқда. Хусусан, Давлатимиз раҳбари муҳтарам Ш.М.Мирзиёевнинг Наманган вилояти Косонсой туманида Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний маънавий меросини ўрганиш бўйича берган топшириқлари ана шу эзгу ишларнинг рўёби сифатида қайд этиш мумкин.

          Эслатиб ўтамиз, мазкур илмий анжуман 28 октябрга қадар давом этади.  

 

Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати