Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида футбол бўйича “Бош вазир кубоги” мусобақаси ўтказилмоқда.
“Бунёдкор” футбол академияси машғулот майдонида бўлиб ўтаётган футбол мусобақаларида, кеча, Дин ишлари бўйича қўмита Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жамоасини 1-0 ҳисобида енгиб, 1/4 финалга йўл олди.
Бу галги учрашувда футбол майдони мухлисларга тўлди: давомсиз олқишлар, қарсаклар, ҳайқириқлар, қўллаб-қувватлашлар жамоамиз аъзоларининг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатди.
Ўз иқтидори ва метин иродаси, қолаверса, мухлисларнинг ишончи ва Қўмитамизнинг обрўси учун курашган жамоамизнинг алп азаматлари биринчи бўлимнинг илк дақиқаларидаёқ ўйин тизгинини қўлга олишди. Тан олиб айтиш керак, жорий ўйин ўтган ўйинларга қараганда анча кескин ва муросасиз ўтди, рақиб жамоа кучли ва тажрибали бўлишига қарамай, бизнинг жамоа ўзининг тактик ўйини билан вазиятни қўлга олди.
Айниқса, ҳимоя деворининг мустаҳкамлиги, ярим ҳимоячиларимизнинг якдиллиги ва, албатта, ҳужумчиларимизнинг бир-бирини тушуниб ўйнаши натижасида рақиб дарвозасига кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштирилди. Ва ниҳоят, ана шундай ҳужумлардан бири гол билан якунланди: марказдан ҳужумчи Бегзод Соипов томон узатилган тўп, алдамчи ҳаракатлар билан рақибнинг оёқлари орасидан ўтказилиб, жамоа ҳужумчиси Шуҳратбек Маннабовга узатилди ва ҳужумчимиз рақиб дарвозасини ишғол этиб, Қўмита жамоасига муҳим бўлган голни туҳфа этди.
Беллашувнинг иккинчи бўлими ҳам кутилганидек жамоаларнинг қизғин баҳсига бой бўлди. Бўлим давомида ҳам жамоамиз яққол устунликни қўлга олиб, кетма-кет рақиблар дарвозасига аниқ зарбалар йўллади. Ҳужумлар чангида қолиб кетган рақиб жамоа ҳимоячилари ва дарвозабон ўйин охиригача зўрға 1:0 ҳисобини сақлаб қолишга муваффақ бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 25 октябрь куни бўлиб ўтадиган ўйинда жамоамиз Сув хўжалиги вазирлиги жамоаси билан беллашади.
Жамоамизга омад ва зафар тилаймиз!
Олға йигитлар!

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати