Тинчлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатлар қадрланган юрт файзли бўлади. Бугун Ватанимиздаги тараққиёт, халқимиз турмушидаги фаровонлик, дастурхонлардаги тўкисликда юртдошларимиз ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликнинг аҳамияти беқиёс.

Бу ўғил-қизларининг ёруғ истиқболига умидвор халқнинг бир мақсад йўлидаги бирдамлигидан нишон. Шу маънода юртимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро тушуниш ва диний бағрикенглик масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинади.

Бунга айни кунларда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўмон Султонлигининг юртимиздаги элчихонаси ташаббуси билан ўтказилаётган “Диний бағрикенглик – ўзаро тушуниш, тинч-тотув яшаш” мавзусидаги талаба-ёшлар ўртасидаги халқаро кўргазмада ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Кўргазма ташкилотчилари академия профессор-ўқитувчилари, мустақил изланувчилар ҳамда талаба-ёшлар билан учрашиб, бугун ер юзида содир бўлаётган воқеалар, турли низоларнинг келиб чиқиш оқибатлари ва инсониятга нечоғли зарар келтираётгани хусусида маълумот берар экан, тинчлик аҳамияти, унинг юрт ва халқ фароқонлиги ва келажагидаги аҳамиятига ҳам тухталиб ўтишмоқда. Бунинг учун эса ҳар бир ёшнинг маънавияти юксак, билими чуқур бўлиши зарурлиги ҳаётий мисоллар билан тушунтирилаётгани барчанинг эътиборини тортмоқда. Инсонлар қалбини меҳр-муҳаббатга бойитиш, уларнинг онгу-тафаккурида фақат яхшилик қилиш, бағрикенг бўлиш каби тушунчаларни кенг тарғиб этишда эса Ўмон Султонлиги ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу борада тўпланган бой тажрибани оммалаштириш дунё тараққиёти ва инсоният ривожида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланмоқда.

— Дунёда юз бераётган турли тўқнашувлар ва ҳунрезликлардан кўплаб халқлар азият чекяпти, — дейди Ўмон Султонлигининг Вақф ва Дин ишлари вазири маслаҳатчиси Муҳаммад ал-Маъмарий. — Бунинг натижасида давлатлар, халқлар ўртасидаги муносабатларга жиддий путур етмоқда ва инсонлар ўртасидаги эзгулик кўприқлари бузилишига сабаб бўлиб қоляпти. Шунинг учун Ўмон Султонлигининг мазкур бузилган кўприкларни қайта тиклаш, одамлар ўртасида тотувик ва биродарликни  мустаҳкамлаш бўйича ҳаракатлари юртингизда қўллаб-қувватланаётгани мақсадларимиз муштараклигидан далолатдир.

Анжуманда мартабали меҳмон юртимизда очилган “Диний бағрикенглик – ўзаро тушуниш, тинч-тотув яшаш” мавзусидаги “Ўмон ислом рисоласи” кўргазмаси бошланганига ўн йил тўлгани ва у ўтган йиллар давомида бир қанча давлатларда турли халқлар ўртасида дўстлик кўприкларини қуришга кўмаклашиб, инсонлар ўртасида ҳамжиҳатлик, дўстлик ришталарини боғлаганини фахр билан қайд этди.

Шундан сўнг, академия профессор-ўқитувчилари бағрикенглик борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар, давлатлар билан соҳада ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилгани, инсоният маънавияти ривожига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган аждодларимиз, бой маданий меросимиз ҳамда қонунчилигимизда бағрикенглик тушунчаларининг асослангани тўғрисида меҳмонларга маълумот бериб ўтишди.

— Юртимизда, жумладан, академиямизда “Ўмон ислом рисоласи” кўргазмасининг намойиши — бу икки давлат ўртасидаги мақсадлар муштараклиги ва дўстлик алоқалари мустаҳкамлигидан далолат, — дейди ўз сўзида юридик фанлари доктори, профессор Абдулҳаким Жузжоний. — Бугунги учрашув орқали ҳам бағрикенглик йўналишида ўзаро тажриба ҳамда фикр алмашдик. Давлатларимиз ўртасида барча соҳаларда муштараклик бор экан. Масалан, Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳам айнан ушбу тизимда кўплаб қарорлар ва Фармонларни имзолади. Айнан, “Жаҳолатга қарши — маърифат билан курашиш”, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” каби ҳаётий ғоялар халқимизнинг мақсад-муддаосига айланиб улгурди.

Мулоқот сўнггида билдирилган фикр-мулоҳозалар асосида ҳозирги кунда диний бағрикенглик масаласи муҳим экани ва у халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, дунёда тинчлик ўрнатиш ҳамда ривожланиш барқарорлигида алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланиб, юртимиздаги ўзига хос тажрибани оммалаштиришда ёшларнинг фаоллиги эътироф этилди.