ЭЗГУ ИШДА ЯКДИЛ БЎЛАЙЛИК

Кейинги пайтларда тўйлар, марҳумларга бағишланган эҳсонларни ўтказишда шуҳратпарастлик, исрофгарчилик, кибру ҳавога берилиш жуда ҳам авж олиб кетди.

Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, яхши кийиниб, хайр-эҳсон қилинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!”, деб таълим берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бир кунлик тўй деб бутун умр йиққан-терган маблағини совуриш, ато этилган ноз-неъматни исроф қилиш бемаъниликдир, гуноҳдир. Бунинг ўрнига ночор инсонлар, муҳтож оилаларга ёрдам бериш савоблидир.

Динимиз ҳар қандай ишда мўътадил бўлишни буюради. Ҳаддан ошиш, манманлик ва риёкорликни қоралайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди” (Исро сураси, 26–27-оятлар),

“Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким тежамкорлик қилса, Аллоҳ уни бой қилади. Ким исроф қилса, Аллоҳ уни фақир қилади. Ким тавозе қилса, Аллоҳ уни обрўсини кўтаради. Ким зулм қилса, Аллоҳ уни хор қилади”, дедилар (Имом Баззор “Кашфул астор”).

Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг ғам-ташвиш ботқоғига ботишига олиб келмоқда. Айримлар дабдабали тўй маросимлари ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг баракали никоҳ харажати ва машаққати оз бўлганидир”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).

Шундай экан, тўй-маъракаларни дини мубинимиз таълимотлари ва миллий қадриятларимиз мезонларига муносиб тарзда ўтказиш энг тўғри йўлдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва уламолар томонидан Тўйлар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ Ислом дини таълимотларига зид бўлган одатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унда тўйлар, маърака ва маросимларда кузатилаётган диний-миллий қадриятлар ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик каби хатти-ҳаракатларни бартараф этиш юзасидан имом-хатиблар томонидан тушунтириш ишларини мунтазам олиб бориш белгиланган.

Никоҳ тўйларида динимиз ва миллийлигимизга мутлақо тўғри келмайдиган “оммавий маданият” таъсирида пайдо бўлган салбий ҳолатлар ва кўринишларни бартараф қилиш учун имом-хатиблар маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тушунтириш ишларини олиб боришлари зарур. Тўй, маърака ва маросимларда амри маъруф тарзида ўтказилган тақдирда уни жойлардаги расмий имом-хатиб ёки имом ноиблари ўтказишлари белгилаб қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, тўйлар ва маросимлар ўтказишни тартибга солиш тўғрисида қабул қилинган низом фуқароларимизга енгиллик яратишга хизмат қилади.

    Муҳаммадбобур ЙЎЛДОШЕВ,

Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими

Кабул кунлари

Пайшанба 15:00 дан 17:00 гача

Ишонч телефон

+99871 200-58-88

Регламент


Ягона ишонч телефони кун тартиби: Душанба-Жума 9:00 дан 18:00 гача

Архив

Воқеалар

Ду Се Чо Па Жм Шн Як