Маълумотларга кўра, ер юзидаги икки юзга яқин давлатда 7 миллиард 700 миллион кишини ташкил этадиган, 7000 тил ва лаҳжада гаплашадиган аҳоли истиқомат қилмоқда. Жаҳоннинг этник харитасига эътибор берсак, бугунги кунда дунёда миқдоран бир неча юзтадан тортиб бир неча юз миллионни ташкил этадиган 2000 га яқин ҳар хил миллат ва элатлар яшаётганининг гувоҳи бўламиз. Шундай экан, миллатлараро бағрикенглик, улар орасида ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни ўрнатиш орқалигина дунёда барқарорлик, осойишталикни таъминлашнинг асосий омили бўлиб қолаверади.

Маълумки, сўнгги йилларда айрим сиёсий кучлар томонидан милллатларо келишмовчиликларни келтириб чиқариш, улар орасида адоват уйғотиш орқали давлатларни бўлиб ташлаш, беқарорликни келтириб чиқариш ҳолатлари учрамоқда. Ушбу келишмовчиликларни келтириб чиқаришда, дин омилидан фойдаланилаётгани янада аянчли оқибатларни келтириб чиқаришга сабаб бўлмоқда. Самовий динларнинг манбаларига мурожаат қилсак, уларнинг барчасида инсоният бир ота ва бир онадан тарқалганлик ғоясини кўришимиз мумкин. Хусусан, ислом таълимотига кўра, бутун башарият жинси, ирқи, ранги, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барчаси баробардир. Бу борада Расулуллоҳ (алайҳис-салом) ўзларининг муборак бир ҳадисларида: «Инсонлар тароқ тишлари каби тенгдирлар. Арабнинг бошқа халқлардан, оқнинг қорадан, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ. Фақат, тақвода холос», деб марҳамат қилганлар.

Қуръони карим «Рум» сураси 22-оятига кўра, одамларнинг тили ва рангидаги фарқлар Худонинг мўъжизаларидандир. Дунёдаги турли-туманлик Яратганнинг иродаси ва ҳикмати билан боғлиқ. Аллоҳ дастлаб одамзотни бир ота ва бир онадан яратди, сўнгра уларни турли миллат ва элат ҳамда халқларга ажратишни ирода қилди. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади: «Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик» (Ҳужурот, 13). Бундай ранг-барангликдаги ҳикмат эса, умумий фаровонлик йўлида халқлар бир-бирлари билан мусобақа қилмоқлари, ҳамжиҳат ва иноқ яшамоқлари, ҳамда ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиб ўз ютуқларини бир-бирлари билан баҳам кўришларида намоён бўлади.

Динларнинг турли-туманлиги «Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!» (Юнус, 99), дейилган ояти карима асосида Яратган томонидан ўрнатилган экан, уни бекор қилиш ёки ҳаммани бир дин байроғи остида зўрлаб бирлаштириш мумкин эмас. Қуръони каримнинг бошқа бир оятида: «(Эй, Муҳаммад!) Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топувчиларни яхши билувчидир»(Қасас, 56) деб марҳамат қилинган. Бундан, ислом динига киритишда, ҳаттоки, Пайғамбар (алайҳис-салом) ҳам ўзлари истаган кишиларни кирита олмасликлари, балки, бу Аллоҳ таолонинг ҳукмида экани келиб чиқади.

Исломда эътиқод эркинлиги аниқ қайд қилиб қўйилиши баробарида бошқа диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги каби ахлоқ масалалари ҳам батафсил баён қилинган.

Бағрикенглик масаласида пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом) ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга намуна бўлдилар. Нажрондан Мадинага ташриф буюрган насронийлар жамоаси ўз ибодатларини бажариб олишлари учун Расулуллоҳ (алайҳис-салом) масжиди набавийни ажратиб берганлари тарихдан маълум ва машҳур. Шунингдек, у зот аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам турли ҳадялар қабул қилардилар. Қўшничилик одоблари, уларга яхшилик қилиш борасида Расулуллоҳ (алайҳис-салом)дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин». Уламолар мазкур ҳадисларни ўрганиб чиқиб, яхшилик фақат мусулмон қўшнига эмас, балки, бошқа дин вакилига ҳам бирдек қилинади, дейдилар. Бу борада қуйидаги ривоят нақл қилинади: Бир куни саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) хизматкорига бир қўй сўйишни буюрадилар. Хизматкор ишга киришгач унга: «Қўйни сўйиб бўлгандан кейин, уни тарқатишни яҳудий қўшнимиздан бошлагин», деб такрор-такрор таъкидлаб, сўнг «Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг: «Жаброил менга қўшничилик ҳаққи борасида шу даражада кўп кўрсатма бердики, мен қўшни ҳам мерос олса керак деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман дедилар.

Қуръони каримда баён қилинган Юсуф (а.с.) қиссасида ҳам ўзга дин ва маданият вакилларига қандай муомала қилиш кераклиги гўзал тарзда ифода этилади. Унга кўра, Юсуф (а.с.) ўзга миллат, ўзга халқ, ўзга маданият муҳитига тушиб қолиб, у ерда турли синов, тазйиқларга учрайди, ҳатто зиндонбанд ҳам қилинади. Аммо кези келганда, ушбу жамиятдан етган жабр-ситамлар учун Юсуф (а.с.) улардан ўч олмадилар, балки берилган истеъдодларини сарфлаб ушбу жамият равнақи, эмин ривожи учун ўзларини сафарбар қилдилар. Бу жамиятнинг ўзга динга, эътиқодга ва бошқа маданиятга мансублиги Юсуф (а.с.)ни уларга хизмат қилишдан асло тўсгани йўқ. Пайғамбарнинг бундай ажойиб намунаси барча одамзот учун гўзал ибрат бўлиши лозим. Ёки Қуръони каримнинг «Қаҳф» сурасида зикр этилган Зулқарнайннинг бошқа дин ва маданият вакилларига холис ёрдам бериб ҳеч қандай эвазсиз уларнинг ҳаётини ҳимоя қилиш, жони ва молини сақлаб қолиш мақсадида тўсиқ қуриб бериш ҳақидаги қисса орқали Аллоҳ таоло барча бандаларини диний, ирқий, маданий мансублигидан қатъи назар ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка чорлайди. 

Шу ўринда, юртимиздан етишиб чиққан алломалар ўз асарларида динлар ва миллатлараро бағрикенгликни тарғиб қилиб келганларини алоҳида қайд этиш лозим. Буюк олим Имом Мотуридийнинг Қуръон тафсирига бағишланган «Таъвилот аҳли сунна» асари «Ҳаж» сураси 40-оят тафсирида: «Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир», деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс Самарқандий эса, ўзларининг тафсир китобларида «Сизлар билан уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг», деб ёзади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, ислом таълимотига кўра бу дунёдаги барча инсон борки, улар ирқи, насл насаби, келиб чиқишидан қатъи назар тенгдирлар. Бошқа миллат ва дин вакиллари билан ҳамжиҳатликни чуқурлаштириш учун мусулмонлар улар билан мулоқот қилмоқлари лозим. Қуръон бу дунёни барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган замин деб эълон қилди. Демак, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб, улар билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган.

Таъкидлаш лозимки, ҳар бир диннинг ўзига хос ақидалари мавжуд. Улар баъзан бир-бирига мутаносиб бўлса, баъзан бир-бирига зид ҳам келиши мумкин. Диний бағрикенглик ана шу хилма-хиллик асосида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олади, турли эътиқодларнинг ёнма-ён ва бир пайтда мавжуд бўла олиши учун хизмат қилади.

Жамолиддин КАРИМОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси