Мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш, айниқса зиёрат туризмига кенг имкон яратиш мақсадида кўплаб янгилик ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кеча, 12 сентябрь куни Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5819 Фармони қабул қилингани ҳам мазкур йўналишдаги ижобий саъй-ҳаракатларнинг навбатдагиси бўлди.

Фармонга асосан, 2020 йил 1 январдан бошлаб Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун белгиланган тартибда қайтиш авиачиптаси мавжуд бўлган ҳолда мамлакатимиз халқаро аэропортлари орқали 7 кундан кўп бўлмаган муддатга визасиз кириш тартиби белгиланди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний маънавий мероси ҳамда анъаналарини ўрганиш учун ташриф буюрувчиларга бундай имкониятлар жорий этилиши, мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш, айниқса, зиёрат туризмини ривожлантириш, сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

 

@dinqumita   | religions.uz