Жорий йил 11 сентябрь куни Дин ишлари бўйича қўмитада Ташқи ишлар вазирлигининг  тавсиясига асосан Германиядаги Мюнстер университети қошидаги Ислом тадқиқотлари маркази директори Моханад Корхиде бошчилигидаги олим ва тадқиқотчилар делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Делегацияни Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов қабул қилди. 
Учрашув асносида М.Корхиде Ўзбекистонга ташрифининг асосий мақсади юртимизда диний-маърифий соҳада соф исломнинг тинчликсевар ва бағрикенглик ғоя ва таълимотларини сақлаш ва аҳолига етказиш борасидаги олиб борилаётган ишлар билан танишиш, икки томонлама исломшунослик йўналиши бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, истиқболда икки томонлама академик алмашинувини йўлгақўйиш масалаларини муҳокама этиш ва тегишли келишувларга эришиш эканини баён қилди.
Шунингдек, 10-11 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази билан учрашувлар ўтказилгани, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида қўмита раиси А.Аҳмедов меҳмонларни самимий қутлаб, юртимизда дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, виждон ва эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган ишлар билан таништириб ўтди. Жумладан, диний ташкилотлар фаолияти, улардаги фуқароларимиз учун такомиллаштирилаётган қулайликлар, диний таълим тизими, ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган таълим муассасалари фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар келажакда келишув асосида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита
матбуот хизмати