Шу йил 24 июль куни эрта тонгдан Тошкент халқаро аэропортидан биринчи рейс билан Саудия Арабистонига учган ўзбекистонлик зиёратчилар маҳаллий вақт билан соат 11.45 ларда Мадина шаҳрига етиб келдилар.

Ислом динининг беш арконидан бири бўлган ҳаж ибодатини адо этиш учун келган юртдошларимиз тантанали равишда кутиб олинди. Зеро, мусулмон оламида улуғ муҳаддис Имом Бухорий авлодларининг ҳурмати баланд бўлиб, уларга ўзгача ҳавас билан қарашади, алоҳида иззат-икром кўрсатилади.

Бу гал ҳам шундай бўлди. Маданаликлар ўз удумларига кўра, бўлғуси ҳожиларга турфа ширинлик, сават тўла хурмо тутган ҳолда қарши олдилар, Елкаларига хушбўй атирлар сепиб, бошлари узра анвойи гуллар сочдилар. Махсус гуруҳ томонидан эса ҳар бир юртдошимизга мобиль алоқа воситалари учун сим-карталар туҳфа қилинди. Бу жорий ҳаж мавсумида хизмат кўрсатиш дастурининг бир қисми бўлиб, Саудия Арабистони томонидан жами бир миллионта интернетдан фойдалиниш имконини берадиган сим-карта текинга тарқатилиши кўзда тутилган.

— Республикамиз Ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати туфайли зиёратчиларга яратиб берилаётган бу каби қулайликлар нафақат бизга, балки яқинларини муборак сафарга кузатган оила аъзоларимизга хотиржамлик бағишламоқда, — дейди тошкентлик отахон Суюндик Мустафоев.

— Аэропортда чоғимиздаёқ фарзандаларимиз билан телефон орқали гаплашдик. Парвоз кўнгилдагидек ўтгани, бизни иззат-икром билан кутиш олишгани ҳақида тўлқинланиб гапириб бердим...

Чиндан ҳам, бу йилги ҳаж мавсумига пухта тайёргарлик кўрилгани дастлабки ташкилий ишлардаёқ кўзга ташлана бошлади. Гап шундаки, зиёртчиларнинг юкларини қабул қилиб олиш, уларни ташиш, меҳмонхоналарга олиб келиш каби бир қарашда оддий туюладиган, аммо йўловчининг вақтини ўғирлайдиган ишлар ҳам хизмат кўрсатувчи ширкат томонидан бажарилмоқда. Зиёратчилар эса замонавий автобусларга ўтириб, меҳмонхона томон йўл олдилар.

— Бу йил Мадина шаҳридаги замонавий беш юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонаси хизматидан фойдаланамиз, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхона Алимов. — Бу Президентимиз ташаббуси билан ҳожиларга юқори даражадаги шарт-шароит яратиб бериш мақсадида қилинаётган ишлардан бири, холос.

Ўз навбатида, юртимиз ҳожилари тартиб, одоб жиҳатидан, арконларни бажариш бўйича кўпчиликка ибрат бўлиб, дунёдаги юқори ўринни эгаллаб келаётган мамлакатлар қаторига чиқиб олдилар. Кейинги пайтда Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг яхши тақдимномаларига эришиб келинаётгани бунга мисол бўла олади. Бу йил ҳам ҳажни тўла-тўкис адо этиб, биринчилар қаторидан эътироф этиламиз деган умиддамиз.

Шундан сўнг Тошкент — Мадина йўлишида амалга оширилган иккита, Фарғона — Мадина йўлиши бўйича битта рейс орқали табаррук шаҳарга келган 700 нафардан зиёд юртдошларимиз “Пуллман замзам” меҳмонхонасида жойлашдилар. Ушбу жойлаштириш объекти бежиз танлангани йўқ. У нафақат замонавий хизматлари, балки қулай жойлашувига кўра, шаҳардаги энг машҳур маскан саналади. Негаки, у билан муқаддас “Масжид ан-Набавий” масжида орасидаги масофа атиги 50 метр бўлиб, деразаларидан Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг равзалари кафтдек кўзга ташланиб туради.

— Бу ердаги шароит кутганимиздан ҳам ортиқ экан, — дейди тошкентлик яна бир зиёратчи Вазира Иноғомова. — Тўғри, биз дам олгани ёки ҳордиқ чиқаргани келганимиз йўқ. Мақсадимиз — зиммамиздаги фарзни рисоладигидек бажариш. Аммо нисбатан иссиқ келган бу йилги мавсумда ташкилий ишларнинг юқори даражада эканлиги кишига завқ-шавқ улашяпти. Ҳаж амалларини тўлиқ бажаришга руҳлантиряпти. Ҳозир шундай хурсандманки, буни сўз билан таърифлаб беролмайман...

Зиёратчилар ибодатнинг биринчи кунида беш вақт намозни Ҳарами шариф адо этдилар ва Пайғамбаримиз (с.а.в) қабрларини зиёрат қилиб, расулуллоҳга салом бердилар. Шунингдек, саҳобалари бўлмиш ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуларнинг қабрларини зиёрат қилдилар.

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Мадина шаҳрига келиши давом этмоқда.

Саид РАҲМОНОВ

“Халқ сўзи” махсус мухбири

Саудия Арабистони Мадина шаҳридан хабар қилади.