Шу йилнинг муборак Рамазон ойида муҳтарам Президентимиз “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасининг очилиш маросимида бу жойда уламолар,  диний соҳа ходимларининг илмий суҳбатларини уюштириш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросларини ўрганиб, кенг тарғиб қилиш юзасидан тавсиялар берган эдилар.

   Шундан келиб чиқиб, кеча, 4 июль куни биринчи бор ушбу мажмуада “Ҳанафийлик – мўътадил мазҳаб”мавзусидадиний соҳа ходимлариучун анжуман ташкил этилди.

       Биринчи анжуман айнан мазҳаблар мавзусида ўтказилиши бежиз эмас. Зеро,Шайх ҳазратлари мусулмонларни доим буюк уламолар, улуғ мужтаҳид зотлар йўлини маҳкам тутишга, умматнинг бирлиги, тотувлигини таъминлашга, ихтилофларга барҳам беришга чақириб келганлар. Бу йўлда йирик асарлар таълиф этган эдилар.

      Чиндан ҳам бугун ана шу меросни ўрганиш, нафақат диёримиз, балки минтақамизда кенг тарқалган Ҳанафий мазҳабида мустаҳкам бўлиб, ихтилоф ва фитналарнинг олдини олиш ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлиб қолди. Бугун ҳар ердан турли воситалар орқали мусулмонларни чалғитиб, мазҳабларни инкор қилаётган, уламоларни рад этиб, Қуръон ва суннатдан ўзича мустақил ҳукм чиқариш даъвосини қилаётган саводи чала кимсалар ислом умматини адаштиряпти, тафриқа ва ихтилофларга сабаб бўляпти.

     Анжуманда “Мужтаҳид уламоларнинг таърифи”, “Мазҳабларнинг келиб чиқиши ва ислом оламидаги аҳамияти”, “Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадис илмидаги ўрни”, "Ислом динида мўтадиллик", "Имом Абу Ҳанифанинг ҳадис борасидаги ўрни" мавзуларида маърузалар қилинди.

      Шунингдек, анжуманда мукаммал фиқҳ мактабига асос солган, илм ва тақвода пешқадам бўлган зотларга ҳурматсизлик қилаётган, ислом оламининг мужтаҳиди мутлақларидан ўз фикрини устун қўйиб, мусулмонларни чалғитаётган, мазҳабга тош отаётган кимсаларга холис, илмий, асосли раддия бериш ҳамда фитналарнинг олдини олиш бугун ҳар бир имом-хатиб, мударрис ва соҳа олимларининг олдида турган муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати