Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан бири эканини ҳисобга олсак, юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидаларнинг 200 дан зиёди ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллиондан зиёд сайёҳ, асосан, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимизга ташриф буюришади.

Жорий йил 9-16 июнь кунлари АҚШнинг “Darelsalam Islamic World Travel” сайёҳлик ширкати зиёрат дастурига мувофиқ, америкалик 93 нафар мусулмон сайёҳлардан иборат делегация вакиллари Тошкент, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар ва осори атиқаларни кўздан кечиришди.

Зиёратчиларнинг саёҳатлари маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилликлари ҳамда “Advantour” туристик ширкати билан ҳамкорликда юқори даражада ташкил этилди.

Масъуллар томонидан америкалик меҳмонларга Ўзбекистондаги тарихий обидалар, мажмуалар, зиёратгоҳ ва масжидлар ҳамда юртимизнинг ислом цивилизацияси тарихида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати