Ўзбекистон – ўзининг бой тарихи, дунё илм-фани ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодлари билан дунёга машҳур бебаҳо замин. Шунинг учун ҳам юртимиз энг кўп тарихий қадамжолар жойлашган дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан бири ҳисобланади. Хусусан, 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидаларнинг 200 дан зиёди ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллиондан зиёд сайёҳ, асосан,Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимизга ташриф буюришади. Улуғ аждодларимиз, дунёга устоз бўлган бобокалонларимизнинг мақбараларини зиёрат қилишади.

Шуни инобатга олиб, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонларидан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича алоҳида ташаббуслар илгари суриляпти. Мамлакатда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2018 йилнинг 4 июлдаги “Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш тартибини янада оптималлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилнинг 15 июлидан электрон виза бериш тизими (e-visa.gov.uz) ишга туширилди.

Шу ўринда, Малайзия Республикаси билан зиёрат туризми соҳасида бир қатор ижобий келишувларга эришилганини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг “Зиёрат туризмини ривожлантириш” бўлими мазкур йўналишда Малайзиянинг тегишли вазирлик ва ташкилотлари билан ижобий алоқаларни ўрнатди. Ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, биринчи маротаба, муборак Рамазон ойида Малайзиянинг Перлис штати мутасаддилари билан ўзаро келишув асосида, уларнинг сўровига биноан, икки нафар қориларимиз: Аъзамжон қори Дадамирзаев ва Шамсиддин қори Жалиловлар Кангар шаҳри масжидларида хатми Қуръонларни ўтказиш учун юборилди..

Ҳозирда қориларимиз Малайзиядаги жомеъ масжидларида маҳаллий аҳолига Аллоҳнинг каломини хатм қилиб беришяпти. Имом Бухорийга издош бўлган қориларимизнинг гўзал савтлари малайзияликларни қалб қўрига кириб бораётганини маҳаллий аҳолининг эътирофидан ҳам англаш мумкин. Бир сўз билан айтганда, юртимиз ҳофизу Қуръонларининг иштироки маҳаллий аҳолини бирдек мамнун этмоқда.

Зиёрат туризмини
ривожлантириш бўлими