Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 7 март кунидаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитани ташкил этиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Дин ишлари бўйича қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ўз Низомига амал қилади.

Дин ишлари бўйича қўмита ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. Қуйидагилар Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш;

- давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;

- давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш.

Дин ишлари бўйича қўмита унга юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

- давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиради ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга оширади;

- диний ташкилотлар, шунингдек хорижий диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларга доир диний масалалар бўйича ишларни олиб боради;

- диний ташкилотлар илтимосига кўра уларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқаларига кўмаклашади ва ҳал этилиши талаб қилинадиган масалалар бўйича зарур ёрдам кўрсатади;

 

- диний ташкилотлар ва уларнинг аъзолари ўртасида ўзаро бир-бирини тушунишни ва сабр-тоқатлиликни мустаҳкамлаш сиёсатини ўтказади, ушбу борада ташкилотчилик ишларини амалга оширади;

- Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига кўра виждон эркинлигига ва диний ташкилотлар фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

- диний таълим муассасалари фаолияти белгиланган тартибда лицензияланиши, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил қилади, лицензиялар реестрини юритади;

- республика доирасида ва чет элларда диний ташкилотлар ўртасида алоқалар ўрнатилишини ташкил қилади;

- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги муқаддас жойларга боришини, шу жумладан Ҳаж ва Умра зиёратини амалга оширишини, фуқароларни диний ўқув юртларида таълим олиш, малака ошириш ва тажриба алмашиш учун чет элларга юборишни, хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилишни, халқаро анжуманлар ўтказилишини ташкил қилади;

- диний ташкилотлар ва Ўзбекистон Республикасида диний адабиётлар нашр қилувчи нашриётлар тўғрисидаги ахборотларни йиғишни таъминлайди;

- республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, CД, ДВД ва бошқа дискларни) экспертизадан ўтказади ва мазкур фаолиятни мувофиқлаштиради.

Дин ишлари бўйича қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралардан, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг ҳамда динга тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларининг ижроси масалаларига доир маълумотлар ва материалларини сўраш ва олиш;

- ўз ваколатлари доирасида диний ташкилотларнинг, шу жумладан диний ўқув юртларининг фаолиятини, уларнинг ўқув жараёни ва дастурларини, ўқув-тарбиявий ишларини, фанлар бўйича ўқув режаларини, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий, методик ёрдам кўрсатиш;

- диний ташкилотлар раҳбарларидан зарур ахборотларни белгиланган тартибда талаб қилиш, шунингдек улар томонидан ўтказиладиган уларнинг ўз фаолияти билан боғлиқ тадбирларда қатнашиш.

Дин ишлари бўйича қўмита Республикада жойлашган диний ташкилотлар билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорлик қилиш, турли диний конфессиялар фаолиятида ёрдам кўрсатиш, жамиятда динлараро ва миллатлараро тинчлик ва тотувликни таъминлаш юзасидан таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқади.

 

ДИҚ Матбуот хизмати