Навоийшуносликда ўзи янги гап қолдими? Ҳамма иш қилиб бўлинган. Энди фақат аравани қуруқ олиб қочиш ва эски гапларни такрорлашдан нарига ўтмаяпсизлар, деган гаплар қулоққа чалиниб қолади.

 

Бу қочиримли фикр бежиз пайдо бўлгани йўқ. Афсуски, навоийшуносликни публицистик даражага олиб тушиб ёзилган оммабоп мақолаларни илмий етук, академик тадқиқот сифатида тақдим қилиш одатий ҳолатга айланиб қолмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили 9 февраль арафасида баъзи олимларимиз “навоийшунос”га айланиб, Алишер Навоий, унинг ижоди ва таъсири ҳақида янги гап айтишга интиладилару, аммо жўяли фикр йўқ қатор бўш мақолаларни эълон қилиб юборишмоқда. Албатта, уларга навойшунослик билан шуғулланишни ҳеч ким ман этмайди, бунга ҳаққи ҳам йўқ. Аммо бундан соҳа жабр кўраяпти.

 

Навоийшунослик “якуни” ҳақида чорак аср бурун бир катта профессоримиз шундай деган эди: Навоий асарлари ғоявий оламини ўрганиш бўйича ҳамма ишлар қилиб бўлинди (бошқача айтганда, биз буни қилиб бўлдик!). Энди фақат Навоий асарлари услубини ўрганиш мумкин.

 

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ўз вақтида совет навоийшунослигини коммунистик мафкурага мослаш билан шуғулланган бу олим кабилар ўз ёлғон ва хатолари фош бўлишини истамай, Навоий услубини ўрганишга ёш олимларни йўналтириб, катта масалалардан чалғитиб, мана шундай тактика ишлатмоқчи бўлганди. Аммо илм йўлини бир ёки бир неча олим тўса олмайди. Илм ўз йўлида давом этаверади ва ҳар бир даврда Алишер Навоий ижодига янгича ёндашув ва янгиликлар пайдо бўлаверади.

 

Шундай ҳолатни Алишер Навоий асарлари қўлёзмаси ва, масалан, улар билан боғлиқ манбашунослик ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ваҳоланки, Алишер Навоийнинг барча асарлари нашр қилинди. Бўлди, энди бошқа янгилик қилиб бўлмайди, дегувчилар ҳам топилади. Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, масалан, Алишер Навоий асарларининг янги маъно қирралари ёки, дейлик, янги топилган қўлёзмалари навоийшуносликнинг манбашунослик йўналиши учун янги озуқа бериб тураверади.

 

Мисол келтирсак: яқинда “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг навоийшуносликка маълум бўлмаган икки қўлёзмаси фотонусхаларини қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Ҳозиргача навоийшуносликка Алишер Навоий “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг кўчирилиш санаси кўрсатилган тўрт қўлёзмаси маълум эди. Улар 1480–1486 йилларда кўчирилган нусхалар бўлиб, Париж, Лондон, Боку ва Тошкентда сақланади. Айни тўрт нусха Алишер Навоий ҳаётлиги даврида тайёрланган ва улардаги матнларни шоир ўз назоратидан ўтказганини эҳтимол қилса бўлади. “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг биз аниқлаган икки қўлёзмаси ҳам айнан мана шу йиллари кўчирилган ва ҳозиргача навоийшунослик тадқиқотларида улар кўчирилган сана ҳамда таркибига оид маълумотлар келтирилмаган. Улардан бири Теҳронда бўлиб, 888/1483 йили, бошқаси эса Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида сақланмоқда ва 889/1484-1485 йили кўчирилган. Муҳим жиҳати шундаки, иккинчи нусха Султонали Машҳадий томонидан Ҳиротда, Алишер Навоий ҳаётлиги пайтида кўчирилган.

 

Мазкур қўлёзма Алишер Навоий назорати остида кўчирилгани анча аниқ. Сабаби деярли ўша пайт – 1483–1485 йиллари Алишер Навоий ўз “Хамса”сини Ҳиротда ёзаётган эди. Айни пайтда Султонали Машҳадий Ҳиротда – 889/1484-85 йили “Бадоеъ ул-бидоя” девонини кўчирган. Демак, уни Алишер Навоий кўргани асосли. Машҳадий муттасил Навоий асарларини кўчириб борган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да қайд этганидек: “Чиройли хат битирувчилардан ҳам анча киши бор эди. Лекин барчасининг пешқадами настаълиқ ёзувида Султонали Машҳадий эди. У Султон Ҳусайн мирзо ва Алишербекнинг кўплаб матнларини кўчирди. Ҳар куни ўттиз байт Мирзо учун ва йигирма байт Алишербек учун ёзарди”. Шу боис, Темурийлар саройига яқин бўлган, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий асарларини кўчирган Султонали Машҳадий кўчирган “Бадоеъ ул-бидоя” қўлёзмаси навоийшунослик учун муҳим. Алишер Навоий асарларининг Султонали Машҳадий кўчирган бошқа қўлёзмалари ҳам бор. Улар ичида энг аҳамиятлиси Навоий девонлари кўчирилиш санаси кўрсатилган қўлёзмалар. Ёдингизда бўлса, Алишер Навоийнинг мухлислари томонидан тузилган “Илк девон”ни Султонали Машҳадий 870/1465-1466 йили кўчирган эди. У 898/1492-1493 йили Алишер Навоийнинг “Ғазалиёт девони”ни, 905/1499-1500 йили эса шоир шеърларидан иборат Терма девонни китобат қилган.

 

Эндиликда қўлимизда Машҳадий 1484-1485 йиллари кўчирган яна бир янги қўлёзма – “Бадоеъ ул-бидоя” девони нусхаси ҳам мавжуд. Демак, Султонали Машҳадий кўчирган ва китобат санаси кўрсатилган Алишер Навоий шеърларига эга тўрт қўлёзмага эга бўлдик. Уларни қуйидаги тартибда жойлаштириш мумкин бўлади:

 

“Илк девон”, 870/1465-1466 йили кўчирилган

 

“Бадоеъ ул-бидоя”, 889/1484-1485 йил.

 

“Ғазалиёт девони”, 898/1492-1493 йил.

 

“Терма девон”, 905/1499-1500 йил.

 

Айни қўлёзмалардаги шеърлар машҳур бир хаттот томонидан кўчирилмоқда. Бу девонларда шеърларнинг биридан-бирига ўтиши ва бунинг бир котиб – Султонали Машҳадий томонидан амалга оширилишини ўрганиш навоийшуносликнинг галдаги муҳим вазифаси.

 

“Бадоеъ ул-бидоя” девонининг бизга шу вақтгача маълум кўчирилиш санаси кўрсатилган тўрт қўлёзмаси даврийлиги мана шундай кўринишда эди:

 

Париж нусхаси, 885/1480-81 йили кўчирилган.

 

Лондон нусхаси, 887/1482-83 й.

 

Боку нусхаси, 889/1484 й.

 

Тошкент нусхаси, 891/1486 йил,

 

Энди мазкур саф яна икки қўлёзма билан бойиди. Мана тўлдирилган ва янги кетма-кетлик даврийлиги:

 

Париж нусхаси, 885/1480-81 йили кўчирилган.

 

Лондон нусхаси, 887/1482-83 й.

 

Теҳрон нусхаси, 888 /1483 йил,

 

Боку нусхаси, 889/1484 йил,

 

Истанбул нусхаси, 889/1484-85 йил,

 

Тошкент нусхаси, 891/1486 йил.

 

Шуниси диққатга сазоворки, “Бадоеъ ул-бидоя”нинг ҳозиргача бизга маълум бўлган санали олти қўлёзмаси айнан ўша тўрт қўлёзма кўчирилган 1480–1486 йиллар орасида китобат қилинган. Янги аниқланган икки қўлёзма ҳам шу кўрсатилган йиллар орасида кўчирилган.

 

Нега айнан шу йиллари? Айни мана шу йилларда 39-45 ёшлар орасидаги Алишер Навоий “Хамса” устида ишлашга киришаётган, уни ёзаётган Алишер Навоийнинг “Бадоеъ ул-бидоя”га ҳам диққат қаратганига гувоҳ бўламиз.

 

Ҳозиргача “Бадоеъ ул-бидоя” 1470–1480 йиллар орасида яратилган, деб келинган. Профессор М.Имомназаров Навоийнинг “Бадоеъ ул-бидоя”си 1480 йилдан кейин тузилган, деган фикрни илгари сурган. Афтидан, бу гапда жон борга ўхшайди. “Бадоеъ ул-бидоя”нинг навоийшуносликка маълум санали энг сўнгги қўлёзмаси 1486 йили хаттот Али ибн Нур томонидан Ҳиротда кўчирилган. Бу вақтда Алишер Навоий ҳам Ҳиротда эди. Демак, аниқлаганимиз Султонали Машҳадий кўчирган “Бадоеъ ул-бидоя” қўлёзмаси каби бу нусхадан ҳам муаллиф бохабар бўлиши керак. Мана шу қўлёзма – Тошкент нусхаси кўчирилиш санаси энг кейинги бўлгани учун энг яхши нусха, деб қараб келинган. Унинг асосида “Бадоеъ ул-бидоя” нашри тайёрланган ва бу ўринли.

 

Ғалати томони шундаки, диққат қаратганимиз “Бадоеъ ул-бидоя”нинг 1480–1486 йиллар орасида кўчирилган олти қўлёзмаси таркиби айнан бир хил эмас. Бирида бор шеърлар бошқасида келтирилмаган бўлиши мумкин. Балки 1486 йилгача бўлган муддатда “Бадоеъ ул-бидоя” матни Алишер Навоий томонидан тўлиқ шакллантириб тугатилмагандир? Эҳтимол, шу каби фактлардан келиб чиқиб, ҳозирча “Бадоеъ ул-бидоя”нинг мўътадил, энг сўнгги кўринишдаги матни 1486 йилдан аввалроқ яратилмаган, деган фикрни илгари суриш мумкин бўлар.

 

Яна бир фикр: “Бадоеъ ул-бидоя”нинг келтирганимиз санали икки қўлёзмасининг топилиши унинг 1486 йилгача бўлган беш нусхасини протодевон деб ҳисоблашни янада кўпроқ асослаши мумкин. “Прото-” (proto) cўзи “биринчи”, “дастлабки”, “бошланғич” деган маъноларни англатиб, бирор нарсанинг дастлабки, ҳали пишиб етилмаган, энди-энди шаклланаётган босқичини билдиради. Ҳар қандай асар бир ўтиришда ёки қисқа муддатда яратилмайди. У ижодкор хаёлоти, уринишлари меваси бўлиб, муайян вақт давомида шаклланиб, сўнг вужудга келади. Матнни яратиш жараёнида ижодкор чеккан машаққатни фақат унинг ўзигина билади ва ҳис қилади. Ижод намунаси бўлган асар яратилиши жараёнида унинг дастлабки варианти, хомаки нусхаси вужудга келади. Ана шу хомаки асар, асарнинг энг биринчи, ҳали пишиб етилмаган кўриниши асосида кейинчалик комил асар вужудга келади. Буни, айниқса, бадиий ижод намунасида кузатиш мумкин.

 

Асарнинг мана шундай дастлабки хомаки, кейинчалик асл асар матнига асос бўлувчи асар “прото-“ номи билан аталади. Масалан, роман жанридаги асарнинг яратилиши жараёнидаги хомаки, дастлабки нусхаси протороман бўлади, ҳикояники протоҳикоя ва ҳоказо. Асарларнинг “прото” вариантларига оид маълумотларни ХХ аср жаҳон адабиётидан ёки ўзбек адиблари асарлари баъзи нашрларидан ҳам топиш мумкин. Асарнинг “прото” нусхаси ижодкорнинг асар қораламаси, архив матнларида бор бўлиши мумкин. Шу маънода “Бадоеъ ул-бидоя”нинг 1486 йил қўлёзмаси, балки унинг Алишер Навоий томонидан тугалланган девон шаклида тақдим қилиш учун яратилган маҳсулидир? Агар шундай бўлса, 1480 йилдан бошлаб то 1486 йилгача яратилган беш қўлёзма “Бадоеъ ул-бидоя”нинг протодевони бўлиши эҳтимоли мавжуд.

 

Маълумки, Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний”ни 1492–1498 йилларда тузган. Шу сингари “Бадоеъ ул-бидоя”ни ҳам 1480–1486 йиллар давомида тузган бўлиши мумкин. Навоий ўзи тузган дастлабки девони – “Бадоеъ ул-бидоя”га мана шундай масъулият билан ёндашиши натижасида унинг матни устида йиллар давомида ишлагандир. Бунга яна бир жиҳат асос беради. “Бадоеъ ул-бидоя”нинг ҳам 1480–1486 йилларда кўчирилган олти қўлёзмаси таркибидаги шеърлар айнан бир хил эмас. Девоннинг Теҳрон нусхаси қўлёзмаси билан танишиш баъзи хулосаларга олиб келади. Унда мавжуд эски ўзбекча шеърлардан бири Алишер Навоий девонларининг биздаги нашрларида учрамайди.

 

Масалан шундай ғазаллардан бирининг матлаъи:

 

Мунчаким ҳар дам етар кўнглумга ҳажрингдин ғаме,

Рўзи ўлмасун нишот этмак манга сенсиз даме.

 

Шуниси қизиқки, “Бадоеъ ул-бидоя”нинг Теҳрон нусхасидан ташқари, Навоий мухлислари томонидан тузилган “Оққуюнли мухлислар девони”да ҳам бу ғазал айрим ўзгаришлар билан берилган. Айни вақтда мазкур ғазал Навоий шеъриятининг Озарбайжон Республикаси қўлёзмалар фондидаги нусхаларида мавжуд экан.

 

Яна “Бадоеъ ул-бидоя”нинг Истанбул нусхаси ҳам Навоий девонлари шеърларига оид янги маълумотлар беради. Масалан, қуйидаги тўрт қитъа ҳам Алишер Навоий девонларининг биздаги нашрларида учрамайди. Аниқроғи, улар “Расмий девонларга кирмаган шеърлар” номи остида Навоий асарлари 20 жилдлигининг 20-жилдида келтирилган:

 

Риёйи шайхимизнинг масжидида,

Чу дерлар зикр айларлар алоло.

Аёлғуда усулу лаҳн ила ул

Эмастур зикр, эрур дирно талоло.

 

* * *

 

Борур эрдим Чақарға гоҳ-гоҳи,

Шаҳимнинг сўзи кўнглумга ёқардин.

Чу Юсуф хожа қочти эмди бормон,

Этурди бизни охир ул чақардин.

 

* * *

 

Деди менга Боқибек, албатта сипоҳи бўл,

Озурдадур ул сўздин бу хотири ғамноким.

Мен ринди хароботи, навкарлик иши мушкул,

Келмас бу иш илгимдин, Боқибек эрур ҳоким.

 

* * *

 

Асолат гавҳари Нуёни барлос,

Саховат мулкининг маснаднишини.

 

Чу кўрдиким, сафол ичинда солиб

Ичадур бода бу меҳнат қарини.

 

Деди чиний суроҳим бордур, олғил

Сўзи деди, вале йўқ эрди чини.

 

Энди айни шеърларни “Бадоеъ ул-бидоя”нинг янги нашрларини яратишда ҳисобга олиш зарур бўлади. Чунки улар расмий девонларга кирган шеърлар қаторига ўтиб кетди.

 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, нима бўлган тақдирда ҳам “Бадоеъ ул-бидоя”нинг кўчирилиш санаси кўрсатилган икки – Теҳрон ва Истанбул қўлёзмалари аниқланиши билан Алишер Навоий шеърияти ижодхонаси ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишимиз учун йўл очилди. “Бадоеъ ул-бидоя”нинг 1480–1486 йиллари кўчирилган олти қўлёзмаси Алишер Навоийнинг 39–45 ёшли даври – етти йилдаги ижодий фаолияти ҳақида бизга қайсидир даражада маълумот беради.

 

Афтондил Эркинов,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази етакчи илмий ходими,

филология фанлари доктори